Меланинлар

Меланинлар [юн. melas – қора] – тўқ жигарранг ва қора пигментлар. Одам, ўсимлик ва ҳайвон тўқималарида кенг тарқалган. Юқори молекулали бўлиб, сувда эримайди. Тери қоплами ва унинг ҳосилалари (соч, жун, пат, тангачалар), ҳашаротлар кутикулалари, мева пўсти ва ҳ. к. рангини белгилайди; альбиноларда меланинлар бўлмайди (қ. Альбинизм). Меланинлар тирозин аминокислоталарининг оксидланиши натижасида ҳосил бўладиган ўзгаришлар маҳсули. Одам терисининг ранги маълум даражада меланинларга боғлик. Одам ва ҳайвонларда М. ҳосил бўлиши эндокрин безлар фаолияти билан боғлиқ. Айрим гормонал бузилишлар, баъзан ҳомиладорлик, куйиш ва ультрабинафша нурлар таъсирида терида М. пайдо бўлиши тезлашади. Бу моддалар миқдорининг ортиши сўгал, айрим хавфли ўсма (меланома)ларда кузатилади. Баъзан ўсимлик маҳсулотларини тозалаш чоғида (масалан, картошка артганда) ҳам М. ҳосил бўлиши мумкин.

[addtoany]