Метаболизм

Метаболизм [юн. metabole – ўзгариш] – ҳужайраларда содир бўладиган ферментатив реакциялар мажмуи. Метаболизмда органик ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддалар ва энергия ҳосил бўлади. «Метаболизм» термини, кўпинча, моддалар ва энергия алмашинувининг (қ. Моддалар алмашинуви) ҳужайрада кечадиган босқичларини ифодалаш учун ишлатилади. Бу жиҳатдан метаболизм тор маънода оралиқ алмашинувни, яъни моддаларнинг ҳужайра ичида охирги маҳсулоти айланишини ифодалайди. Озиқ моддалар ҳужайрага тушган, бир қатор кимёвий ўзгаришларга учрайди. Бундай реакцияларнинг муайян тартибда кетма-кет рўй бериши метаболитик йўл, ҳосил бўлган оралиқ маҳсулотлар метаболитлар дейилади. Метаболизм анаболизм ва катаболизмдан иборат (қ. Катаболизм). Анболизмда ҳужайралар ва тўқималар таркибига кирувчи моддалар синтезланади, ҳужайра таркиби янгиланади. Анаболитик реакциялар, асосан, кайтарилиш реакцияларидан иборат бўлиб, улар эркин кимёвий энергия сарф бўлиши орқали боради (қ. Қайтарилиш реакциялари). Катаболитик реакциялар, асосан, оксидланиш реакцияларидан иборат бўлиб, унда мураккаб моддалар бирмунча оддий молекулаларгача парчаланади ва энергия ажралиб чиқади (қ. Оксидланиш реакциялари). Метаболизмнинг бу икки томони ўзаро чамбарчас боғланган (яна к. Ассимиляция, Диссимиляция).

Загрузка...