Мояк истисқоси, гидроцеле – мояк пардалари орасида суюқлик йиғилиши. Туғма ва орттирилган (яллиғланиш касалликларида моякка шикаст етганда вужудга келади), шунингдек, ўткир ва сурункали хиллари ажратилади. Мояк катталашиб оғрийди, бемор ичишга, сийишга ёки жинсий мулоқотда бўлишга қийналади, меҳнат фаолияти сусаяди. Ўткир мояк истисқоси тўсатдан бошланади, беморнинг ҳарорати кўтарилади, ёрғоқ атрофи қизариб, пайпаслаб кўрганда қўлга қаттиқ уннайдиган шиш пайдо бўлади. Сурункали хили аста-секин ривожланади, мояк пардалари орасига узоқ вақт суюқлик йиғилиши натижасида унинг шакли ўзгариб, худди нокка ўхшаб қолади. Мояк истисқосига хос аломатлар пайдо бўлганда дарҳол хирург ёки урологга кўриниш лозим. Мояк истисқосига хирургик (опереция) даво қилинади. Касалликнинг олдини олишда моякнинг турли яллиғланишлар ва шикастланишларини ўз вақтида даволатиш муҳим.
[addtoany]