Мушак тўқимаси – мушакларнинг асосий қисмини ташкил этиб, уларнинг қисқришини таъминлайдиган махсус ингичка толалар. Унинг асосий қисқарувчи элементи миофибриллартр. Мушак тўқимаси оралиқ пардалар билан ўзаро бирлашиб алоҳида мушакни ҳосил қилади, уларнинг сирти ҳам алоҳида парда билан ўралган бўлади.
Организмдаги барча мушак тўқимаси тузилишига қараб силлиқ мушак тўқимаси, кўндаланг тарғил М. т. ва юрак М. т. га ажратилади. Силлиқ М. т. бир ядроли дуксимон тузилишга эга; мезенхимадан (тери, меъда-ичак деворлари, сийдик-таносил аъзолари, қон Томирлар М. т.) ва эктодермадан (сўлак, тер ва сут безлари М. т.) ривожланади. Кўндланг-тарғил М. т. кўп ядроли мушак толасидан тузилган бўлиб, скелет ва юрак мушагидан иборат; онтогенезда мезодермадан ривожланади. Юрак М. т. (миокард) кўндаланг-тарғил мушак толаларидан тузилган бўлса ҳам ғайриихтиёрий қисқаради. Мушак тўқимасининг вазифаси ҳаракат элементларининг кисқаришидан иборат. Мушак тўқимасида қисқарувчи тузилма (миофибриллар), трофик тузилма (ҳужайра ядроси ва органелалари), мушак элементларининг қобиғи ҳамда телофрагмалардан иборат таянч тузилма фарқ қилинади. Барча мушак тўқималарида махсус нерв охирлари бўлиб, улар тўқимага нерв тизимидан ҳаракат импульсларини олиб келади ва унда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида марказий нерв тизимига маълумот бериб туради.
[addtoany]