Нерв маркази – нерв ҳужайралари (нейронлар) мажмуи. Одам, умуртқали ҳайвонлар ва айрим умуртқасизлар организмининг бирор фаолиятини бошқариш, рефлекс ҳосил бўлишида қатнашади. Оддий нерв маркази ганглий ҳосил қилувчи бир неча нейрондан тузилган. Юксак даражадаги ҳайвонлар ва Одамда нерв маркази марказий нерв тизими таркибига кириб, бир неча минг, баъзан бир неча млн. нейронлардан ташкил топган. Организмнинг кўпчилик фаолиятлари марказий нерв тизимининг турли қисмларида жойлашган бир қанча нерв маркази томонидан бошқарилади (масалан, кўриш системасининг маркази оралиқ мия, ўрта мия катта ярим шарлари пўслоғида жойлашган). Сезги аъзолари ёки бошқа Н. м. дан нерв импульси тарзида келаётган маълумотлар ҳар бир нерв марказининг кириш канали орқали ўтади. Бу маълумотларни Н. м. нинг нейронлари анализ ва синтез қилиб, уларга тегишли жавоб қайтаради. Уларнинг таркибига ритмни бошқарадиган нейронлар ҳам кириши мумкин. Улар нерв импульсларини вақт-вақти билан бошқариш хусусиятига эга. Нерв маркази фаолиятининг асосий моҳияти доминантлар принципига асосланган.
[addtoany]