Сезги

Сезги – оламдаги нарса ва ҳодисалар айрим хоссаларининг миядаги инъикоси. Матерининг сезги аъзоларига таъсир кўрсатиб, бош мия пўстлоғи нерв марказини қўзғатиши асосида пайдо бўлади. Сезги дунёни билишнинг биринчи босқичи ва таркибий қисмидир. Улар асосида ҳиссий билишнинг идрок, тасаввур каби шакллари юзага келади. Ташқи кўзғовчиларнинг ўзига хос хусусиятларига қараб, барча сезгилар бадан (туйиш), кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва бошқа турларга бўлинади. Сезги физик, физиологик, психологик жараёнларда пайдо бўлади. Физик жараёнда ҳар қандай нарса ва ҳодисалар С. аъзоларига таъсир этиб, тегишли сезувчи нервнинг чекка учларини қўзғайди. Физиологик жараёнда қўзғалиш нервнинг ўтказувчи йўли орқали бош мия – пўстининг тегишли марказий ҳужайралар тизимига ўтади. Психологик жараёнда нерв кўзғалишида бизга таъсир этган кўзғовчининг анализи пайдо бўлади ва у синтезга айланади – С. пайдо бўлади. Сезги аъзолари мия катта ярим шарлари фаолияти билан боғлик. Инсонда воқеликни билишда кўриш С. си етакчи ўринни эгаллайди. Сезги ларни қаерда жойлашганлигига қараб 3 га ажратиш мумкин: 1) экстрорецеторлар – булар организм сиртида бўлади, уларга кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, туйиш киради; 2) интерорецепторлар – танамиз ичидагилар, буларга ичак, жигар, ўпкадаги С. лар киради; 3) проприрецепторлар – мушак, пай, бойламларда бўлади. Уларнинг ҳаммаси ўзига хос хусусият ва қонуниятларга эга.