Қўзғалиш

Қўзғалиш (физиологияда) – тирик ҳужайранинг бирор таъсирга жавоб реакцияси, тирик тизимнинг физиологик нисбий тинч ҳолатдан мазкур тўқима ёки ҳужайра учун хос бўлган фаол ҳолатга ўтиши. Қўзғалиш, асосан, ихтисослашган структуралар; рецепторлар, нерв ва мушак ҳужайралари, нерв толалари учун хос. Қўзғалиш – физиологик, биокимёвий, энергетик ва структуравий ўзгаришларни ўз ичига олади. Қўзғалиш ҳужайра мебранаси ион ўтказувчанлигининг қисқа муддатли ўзгариши билан бошланади. Бу жараёнда ионларнинг кўчиши мембраналар кутбланишнинг ўзгаришига ва электр потенциали (электр токининг ҳосил бўлишига олиб келади. Қўзғалишда аденозинтрифосфат кислота (АТФ) парчаланди; гликолитик ва оксидланиш жараёни кучаяди; оқсил ва липид алмашинуви ўзгаради.

Қўзғалиш маҳаллий (бир жойнинг ўзида) ёки ёилувчи (тарқалувчан) бўлади. Маҳаллий қўзғалиш фақат таъсирланиш содир бўлган жойнинг ўзида, яъни нейроннинг бир қисмида, қабул қилиш ёки периферик таъсирга ихтисослашган рецепторлар ёки синапсларда пайдо бўлади. Маҳаллий қўзғалиш таъсирланишдан сўнг тезда юзага чиқади, таъсир кучининг ошиши билан кучайиб боради. Маҳаллий Қ. да бир нерв ёки мушак ҳужайрасининг бошқа нерв ҳужайраси аксонлари билан туташган жойи (синапс)даги рецептор ва генератор потенциаллари муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий Қ. амплитудаси ва таъсир кучи, унинг давомийлиги, тезлигининг ортиши ёки камайишига қараб ўзгариб туради.

Ёйилувчи Қ. нерв ва мушак толалари учун хос. Нерв толалари бўйлаб таркаладиган Қ. нерв импульси дейилади. Ёйилувчи Қ. ҳужайра мембранасининг барча қисми бўйлаб тарқалдиган ҳаракат потенциали билан бир вақтда юзага чиқади ва ахборотни нерв толалари бўйлаб узоқ масофага тез ўтказилишини таъминлайди. Ҳаракат потенциали мушак ҳужайраларидаги миофибрилларнинг қисқаришини, нерв ҳужайралари аксонлари учидан тўқималарнинг қўзғалиши ёки тормозланишига таъсир қиладиган кимёвий моддалар ишлаб чикарилишини фаоллаштиради.

Қўзғалишда цитоплазмага Na* ва Са2* ионларининг ўтиши мембрананинг ҳар 2 томонида Na*, К+, Са2* ионларининг дастлабки тенг бўлмаган концентрацияли ҳолатини тикловчи ҳамда мембрана ва цитоплазманинг янгиланиши учун зарур бўлган оқсиллар ва фосфолипидларни синтезловчи ферментларни фаоллаштиради. Қўзғалиш ва у билан боғланган тормозланиш жараёни нерв фаолиятининг асосини ташкил этади.

[addtoany]