Невралгия

Невралгия [невр… ва algos – оғриқ] – нерв толалари бўйлаб тарқаладиган кучли оғриқ; нерв вакт-вакти билан санчиб, зирқираб ёки тортишиб оғрийди. Уч шохли нерв, қуймич нерви, қовурғалараро нерв невралгияси кўпроқ учрайди. Инфекцион касалликлар, интоксикация, шикасланишлар, моддалар алмашинувининг бузилиши, атеросклероз, организмнинг совқотиши, касбга алоқадор зарарлар сабаб бўлади. Шикастланиш қайси соҳа нервида бўлса, ўша соҳа нервининг пояси, қобиғи таъсирланади, нерв пояси шишади, атрофидаги мушаклар тортишади (масалан, уч шохли нерв невралгиясида юз мушаклари тортишиши), баъзан нервда структур ўзгаришлар кузатилади.

Невралгия хуружида оғриётган жойда тери оқарши ёки қизариши, терлаш, кўз ёшланиши ёки сўлак оқиши, баъзан тошмалар пайдо бўлиши мумкин.

Даво невралгиянинг келиб чиқиш сабабига боғлиқ. Оғриқ қолдирувчи, яллиғланишига қарши, умумий қувватга киргизувчи дорилар, физиотерапия, санаторий ва курортларда даволаниш буюрилади.

[addtoany]