Нейродермит

Нейродермит [нейро… ва юн. derma – тери] – терининг нерв-аллергик касаллиги. Қаттиқ Қичишиш, тугунчали тошмалар – папулалар тошиши, зарарланган соҳа терисининг қалин тортиши билан кечади. Нейродермитга, асосан, нерв тизимининг функционал ўзгаришлари, ирсий омиллари, меъда-ичак касалликлари, ички секреция безлари фаолияти ҳамда моддалар алмашинувининг бузилиши ва ҳ. к. сабаб бўлади. Нейродермитнинг чекланган, диффуз (тарқоқ) ва атипик шакллари бор.

Чекланган нейродермитда терининг маълум бир соҳаси қаттиқ қичишади. Зарарланиш ўчоғи бўйиннинг орқа ва ён қисми, жинсий аъзолар, думбалар орасидаги бурмалар ва катта бўғиларнинг букувчи юзасида бўлади. Қичишиш кучайганда терида майда тугунчалар пайдо бўлиб, юзаси кепакли тангачалар билан қопланади. Кейинчалик тугунчалар бир-бири билан қўшилиб, каттагина жойни эгаллаши мумкин. Тошмалар оч пушти, қўнғир тусда, ясси ва юмалоқ шаклда бўлади. Тери аста-секин қалин тортиб зичлашади. Ўткир яллиғланган ўчоқларда шлинишлар кузатилади. Ҳадеб кашлана бериш натижасида чиққан қон котиб, қора қўтир бўлади. Касаллик узоқ давом этади.

Диффуз нейродермитда, асосан, юз, бўйин, қўл ва оёқ букилмапари, жинсий аъзолар ва соннинг ички юзаси зарарланади. Дастлаб оч пушти рангли тугунчалар пайдо бўлади ва инфильтратланди. Тери қуруқ, усти майда кепакли тангачалар билан қопланади. Тананинг табиий бурмаларида ёриқлар юзага келади.

Терининг кучли қичишиши, тошмалар тошиши, нерв тизими фаолиятининг бузилиши ва бошқалар нейродермитга хос белгилардир. Кучли қичишиш бемор уйқусининг бузилишига, невротик ҳолатга олиб келади. Касаллик, кўпинча, фаслга боғлиқ, у, асосан, қишда зўрайиб, ёзда ремисия ҳолатида бўлади. Нейродермит бронхиал астма, вазмотор ринит ва бошқа аллергик касалликлар билан бирга кечиши мумкин. Экссудатли нейродермит ҳам бор, бунда тошмалар намланиб туради, улар тушиб кетгач, ўрни анчагача қизариб туради.

Витаминлар, гормонлар, тинчлантирадган дорилар, суртма ва бошқа(лар), шунингдек, физиотерапевтик муолажалар буюрилади.

Загрузка...