Нейрохирургия

Нейрохирургия – хирургиянинг бир бўлими. Нерв тизими касалликлари ва жароҳаларини хирургик йўл билан даволаш усулларини ўрганади ва амалда қўллайди. Нейрохирургия нейроонклогия, нейротравматология, нейроангиология, марказий нерв тизимининг туғма нуқсонлари ва инфекцион-яллиғланиш жараёнида қоладиган асоратлар хирургияси, стеретоксик нейрохирургия, эпилепсия ва кучли оғриқ хирургияси каби билимлардан иборат. Бош ва орқа мияни операция қилиш юзасидан олиб борилган кўп йиллик изланиш ва уринишлар туфайли 20-а. бошларида нейрохирургия мустақил фан сифатида шаклланди. Физиология, неврология, рентгенология, патморфология, биокимё, анестезиология, терапия ва бошқа(лар) фан ютуқлари нейрохирургиянинг ривожланишига имкон берди. Н.Н. Бурденко Москвада, А. Л. Поленов Ленинградда, А. И. Арутюнов Киевда нейрохирургия инситутини ташкил этишда раҳбарлик қилдилар (ҳоз. ин-т шу олимлар номи билан аталади). Кейинчалик бошқа шаҳарлардаги клиникаларда ҳам нейрохирургия бўлимлари очилди.

Дастлаб Ўзбекистонда нейрохирургия бўлими Травматология ва ортопедия илмий текшириш ин-ти, 1963 й. Самарқанд вилоят касалхонаси (1950) (С. Д. Мдиёров, А. М. Мамадалиев) таркибида ташкил қилинди. 1968 й. дан республиканинг барча вилоят касалхоналарида, жумладан, Тошкентда Онкология ва радиология илмий текшириш ин-тида нейрохирургия бўлими (М. Ҳ. Қориев) фаолият кўрсата бошлади. 1969 й. 17-шаҳар касалхонасида (А. С. Мисодиқов), Андижон вилоят касалхонасида (М. Д. Дўстмуродов) нейрохирургия бўлимлари ташкил топди. Кейинчалик бу бўлимлар тиббиёт ин-тларида ташкил қилинган. Нейрохирургия кафедралари ва курсларнинг ўқув базаси бўлиб қолди. Нейрохирургик ёрдамни режали равишда бажариш мақсадида 1983 й. Республика Нейрохирургия маркази очилди, кейинчалик у Республика илмий текшириш марказига айлантирилди (1997).

Республикада нейрохирургия фани ривожланишида М. М. Мақсудов, М. Ҳ. Қориев, А. С. Мирсдиқов, С. А. Мадиёров, М. Д. Дўстмуродов, А. М. Мамадалиев ва бошқа(лар)нинг муносиб хизматлари бор. 1975 й. дан Республиканинг барча тиббиёт ин-тларида юқори курс талабаларига нейрохирургия фани ўқитила бошланди. Республиканинг шаҳар ва вилоят мутахассисларни тайёрлаш, асосан, нейрохирургия илмий марказида, тиббиёт ин-тларининг нейрохирургия кафедралари ва курсларида олиб борилади.

Ихтисослашган нейрохирургик марказлар ташкил этилиши бош мия ўсмалари, марказий нерв тизимининг туғма нуқсонлари ва яллиғланиш касалликларини даволашда яхши натижаларга эришишга, Н. да мия ва орқа мия томирлари хирургияси (нейроангиология), стереотаксис каби янги бўлимлар ташкил этишга имкон берди. Нейрохирургия даги Ҳоз. муҳим йўналишлардан бири бош мидда қон айланиши ва мидда энергия алмашинуви физиологияси ва патологиясини ўрганишдир. Оператив техниканинг ривожланиши (электрохирургиянинг татбиқ этилиши ҳамда калла ичи босимини пасайтиришга ёрдам берадиган турли препарат ва усулларнинг қўлланилиши), диагностика усулларининг такомиллашиши, шунингдек, Н. амалиётида оғриқсизлантириш ва реанимация усулларининг жорий этилиши Н. да муҳим аҳамият касб этди. Ҳоз. томирларни операция қилиш усули хам муваффақиятли қўлланилмоқда.

Бу соҳада физика, электроника, кибернетика, радиология ва бошқа(лар) табиий фанларнинг ютукларидан фойдаланилиши эндиликда глиал ўсмалар, калла суяги ва миянинг оғир шикастлари, эпилепсияни даволаш имконини беради. Марказий нерв тизимининг мураккаб фаолиятларини ўрганиш соҳасидаги Н. ютуқлари невропатология, психиатрия, нейрофизиология, психология каби фанларни бойитмоқда.

[addtoany]