Физиология

Физиология [юн. physis – табиат ва ..логия] – организмлар ва улар қисмлари, тизимлари, аъзолари, тўқималари ва ҳаёт фаолиятини ўрганадиган фан. Ўрганиш объектига биноан, одам (қ. Одам), ҳайвонлар ва ўсимликлар фзиологиясига бўлинади. Физиология анатомия, ЦИТОЛОГИЯ, гистология ва, айниқса, биокимё ҳамда биофизика билан узвий боғланган; у физиологик жараёнларни тушунтиришда кимёвий ва физик усуллар ҳамда тушунчалардан фойдаланади. Физиология – психология, тиббиёт ва ветеринария фанлрининг назарий асоси. Физиология умумий, солиштирма (эволюцион) ва хусусий (амалий) физиологияга бўлинади. Умумий физиология барча тирик материя фаолиятининг асосий қонуниятлари, унинг ташқи муҳит таъсирига жавоб реакциясини, тирик объектларнинг нотирик табиатдан фарқ қиладиган хусусиятларини ўрганади. Солиштирма физиология ҳайвонлар организми физиологик фаолиятини филогенетик (қ. Филогенез) ва хусусий ривожланиш (қ. Онтогенез) орқали ўрганади. Хусусий физиология организмлар, биринчи навбатда, одам организми ҳаёт фаолиятининг қонуниятларини ташқи муҳит шароити билан боғлаб ўрганади. Шу сабабдан хусусий физиология меҳнат физиологияси, спорт физиологияси, ёш физиологияси, овқатланиш физиологияси, космик физиология каби фанларга ажратилади. Соғлом организмда кечадиган жараёнларни ўрганадиган нормал физиология ва касал организмдаги жараёнларни ўрганадиган патологик физиология ҳам фарқ қилинади. Физиология – экспериментал фан. Физиологик тадқиқотлар ўткир (вивисекция, ажратилган аъзолар, перфузия методлари) ёки сурункали экспериментлар (шартли рефлекслар усули, фистула қўйиш, трансплантация, электродлар киритиш ва бошқа(лар) усуллар) ёрдамида ўтказилади. Яхлит организм фаолиятини ўрганишда электроэнцфалография, электрокардиография, миография, биотелеметрия усулларидан фойдаланилади.

Физиология соҳасидаги дастлабки маълумотлар тиббиёт билан боғланган бўлиб, қадимдан маълум. Гиппократ ишларидаёқ организмдаги суюқлик, суюқ ва қуюқ моддалар нисбати тўғрисида хабар берилади. Аристотель «Ҳайвонлар қисмлари тўғрисида»ги асарида бир қанча ички аъзолар фаолияти тўғрисида ёзади. Гален ишларида физиологияга катта аҳамият берилган. У. нерв тизими, юрак ва бошқа(лар) аъзоларнинг умумий фаолияти тўғрисида маълумот беради. Уйғониш даврида дастлаб организмлар ҳар хил тизимларининг анатомик тузилиши, кейинчалик физиологик фаолияти жадал ўрганила бошланди (А. Визлий, М. Мальпиги ва бошқа(лар) ишлари). Ҳайвонлар устида кенг миқёсда тадқиқотлар олиб борилиши натижасида У. Гарвей қон айланиш тизимини очди (1628); Р. Бойл ҳайвонлар ҳаётида ҳавонинг аҳамиятини кўрсатиб берди (1660); А. Лавуазье бу жараёнда кислороднинг аҳамиятини аниқлади ва ҳосил бўладиган иссиқлик миқдорини ўлчади (1775). Р. Декарт мия фаолиятининг қайтариш (рефлекторлик) хусусияти тўғрисида ўз фикрини билдирди (1649); унинг бу фикрини 2 асрдан сўнг Франция олимлари Ж. Легаллуа, П. Флуранса, Ф. Мажанди, инглиз олими М. Холл ва Ч. Белла тажрибалар орқали тасдиқлашди. Физиологиянинг ривожланишида Л. Галванининг организмлардаги биоэлектрик жараёнларни кашф этиши катта аҳамиятга эга бўлди. Бу кашфиёт туфайли замонавий элетрофизиологияга асос солинди.

19-а. дан физика, кимё ва умумий биология соҳасидаги кашфиётлар (тўқималарнинг ҳжайравий тузилиши ва эволюцион таълимотнинг яратилиши) туфайли организмлар фаолиятини батафсил ўрганиш бошланди. 19-а. да миянинг рефлекторлик фаолияти механизмини ўрганишга асос солинди; бу борада И. М. Сченовнинг марказий тормозланиш табиатини ўрганиш соҳасидаги ишлари катта аҳамиятга эга бўлди; бош мия катта яримшарлари пўстлоғининг сенсорлик ва ўтказувчанлик фаолиятлари тўғрисида далиллар олинди (немис олимлари Г. Фрича, Э. Гитцига ишлари); эшитиш ва кўриш таълимотлари яратилди (немис олимлари Г. Гельмгольц, Э. Беринг); нафас олиш ва юрак-томир фаолиятининг нерв бокарилиш аниқланди (инглиз олими К. Бернар, немис олими К. Людвич, украин олими В. Я.

Данилевский, А. А. Миславский ишлари); овқат ҳазм қилиш фаолиятининг ферментатив механизмлари, уларнинг нерв ва гуморал бошқарилиши йўллари очиб берилди (немис олими Р. Гейденгайн, рус олими И. П. Палов); ички секреция безлари кашф қилинди ва физиологик фаолиятларнинг бошқарилишида гормонлар аҳамияти очиб берилди (француз олими Ш. Броун-Секар); қоннинг ташувчи ва ҳимоя фаолияти кўрсатилди; организм ички муҳитининг доимийлиги (гомеостаз) ва унинг механизмлари тўғрисидаги тушунчалар шаклланди (К. Бернар, И. И. Мечников).

20-а. да физиологик экспериментларда электрон кучайтиргичлар, катодли осциллграфлар, электрон микроскоп ва бошқа(лар)дан фойдаланиш туфайли физиологик фаолиятларни тадқиқ қилиш имкониятлари кенгайди. Бунинг натижасида ҳужайрада кечадиган ва организм барча фаолияти асосини ташкил этадиган жараёнларни бевосита ўрганиш мумкин бўлди. Хусусан, ташқи қўзғатувчилар рецепцияснинг ҳужайра механизми, нерв импульсларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши, синаптик ўтказиш ва тормозланиш табиати; мушак қисқариши ва секреция механизмлари аниқланди; рецепторлардан марказий нерв тизимига узатиладиган сигналларнинг кодланиши ва узатилиши, нерв марказига етиб келадиган ахборотнинг хар хил даражада қайта ишланиши очиб берилди. И. П. Павлов ва шогирдлари шартли рефлекторлик ва онг асосини ташкил этадиган, бош мия олий бўлимларида кечадиган нерв жараёнлари умумий қонуниятларини кўрсатиб беришди. Ички секреция безлари функциясини ўрганиш туфайли физиологиянинг мустақил соҳаси – эндокринология пайдо бўлди. Гормонлар ва медиаторлар таркиби аниқланиб, кўпчилик гормонлар ва улар таъсирини томозловчи моддаларнинг синтезланиши замонавий фармакологиянинг асоси бўлди. Нафас олиш, юрак-томир, экскретор ва бошқа(лар) тизимлар фаолиятининг ҳужайра ва тизим механизмлари ҳам батафсил ўрганилди. A. М. Уголов ва шогирдлари томонидан озиқ моддаларнинг ичак мембранасида ҳазм бўлиши механизми очиб берилди.

Замонавий физиологияда одам ва ҳайвонларнинг психик фаолияти механизмини ўрганишга катта эътибор берилмоқда. Бу муаммони ҳал этишда бош мия яримшарлари фаолиятини батафсил ўрганиш, шартли рефлекслар нозик нейронал механизмларини тадқиқ қилиш катта аҳамиятга эга. Ҳоз. уйқу, эмоционал ва экспериментал неврозлар механизми устида ҳам тадқиқотлар олиб борилмоқда. Турли сенсор тизимларнинг ахборотни қабул қилиши, узатиши ва қайта ишлашини ўрганишда олинган маълумотлар нуткнинг шаклланиши, уни тушуниб олиш, кўрилган образлар ва эшитилган товуш сигналларини фарқлаш механизмини билишга ёрдам беради. Одам турмуши ва меҳнат шароитига турли экстремал омиллар (эмоционал стресс, иқлим ва бошқа(лар)) таъсирини ва муҳит шароитига организм мослашувини тадқиқ қилиш ҳам бугунги физиологиянинг вазифасига киради. Мия хотира фаолиятига тақлид қиладиган моделларнинг яратилиши замонавий физиологиянинг энг сўнгги ютуқларидан бири бўлди.

Ўзбекистонда физиология соҳасидаги тадқиқотлар А. Ю. Юнусов, Б. О. Тошмуҳамедов, И. В. Данилов, А. И. Израэл, А. С. Шатална, 3. Т. Турсунов ва бошқа(лар) номи билан боғлиқ. Физиология соҳасидаги асосий тадқиқотлар ўта ноқулай шароитга организмнинг мослашуви муаммоларини ўрганишга оид. Иссиқ иқлим шароити гиподинамика (кам ҳаракат), гипердинамика (кўп ҳаракат), оғриқ, етарли овқатланмаслик ва бошқа(лар) омилларнинг овқатнинг ичакка ҳазм бўлишига таъсири механизмининг очиб берилиши муҳим тадқиқотлардан ҳисобланади (К. Р. Раҳимов, Б. 3. Зарипов, Ш. Қ. Қурбонов, Б. А. Содиқов, Э. С. Маҳмудов ва бошқа(лар)). Бир қанча ишларда ўт суюқлигининг озиқ моддаларга таъсири (У. 3. Қодиров), ичакдаги гидролитик ва транспорт тизими ривожланишининг она ва бола гормонал ҳолати билан боғлиқлиги кўрсатиб берилди (Л. С. Қўчқорова). Кейинги йилларда физиология соҳасида ўзбек тилида бир қанча дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди (У. 3. Қодиров, Ш. Қ. Қурбонов, К. Т. Алматов, Қ. Содиқов ва бошқа(лар)).

[addtoany]