Онкология

Онкология [юн. onkos- шиш, ўсма ва ..лгия] – тиббий-биологик фан; одам, ҳайвон ва ўсимликларда онкогенезни назарий, экспериментал ва клиник жиҳатдан ўрганади ва ўсмаларни аниқлаш, даволаш ҳамда олдини олиш усулларини ишлаб чиқади. Экспериментал ва клиник онкология фарқ қилинади. Онкология 20-а. да экспериментал тиббиёт ютуқлари (ўсма ҳужайраларини кўчириб ўтказиш, кейинчалик эса ташқаридан таъсир этиб, ҳайвонларда ўсмалар ҳосил қилиш) асосида шаклланди. Ўсмалар инсониятга жуда қадимдан маълум (Гиппократ, К. Гален), унга оид дастлабки ёзма манбалар мил. эв. Миср, Хитой ва Ҳиндистонда топилган. Онкологиянинг ривожланишида, айниқса, Гиппократ, Ибн Сино, немис олими Р. Вирхов, рус олимлари М. А. Новинский, Н. Н. Петров ва бошқа(лар)нинг хизматлари катта. Экспериментал (М. А. Новинский асарларидан бошланган, 1876) ва назарий онкологияда ўсма ҳосил қилувчи омил турига қараб 3 асосий йўналиш: вирус (француз олими А. Боррель, 1903, америкалик олим Ф. П. Раус, 1911), кимёвий (япон олимлари К. Ямагива ва К. Итикава, 1915) ва радиацион онкология (француз олими А. Лакассань, 1932) ва бошқалар шаклланди. Рус олими Л. А. Зильбер. ўсмаларнинг вирус-генетик назариясини ишлаб чиқди. Клиник онкологиянинг жадал ривожланиши хирургия, радиология, кимётерапия, иммунологиянинг муваффақиятлари билан боғлиқ. Гиппократ хавфли ўсмалар келиб чиқишида ташқи омилларга алоҳида аҳамият берган, бунда у беморга руҳий ва жисман сифатларини мужассамлаштирган ҳолда, ҳар бирига хос (алоҳида) ёндашиш кераклигини айтган.

Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида ўзининг шахсий экспериментал ва клиник тажрибалари билан бирга ўсмаларнинг келиб чиқиши, белгилари, уларни таний олиш ва даволаш усулларини ҳам баён қилган.

Р. Вирховнинг ҳужайра патологияси назарияси тиббиёт, жумладан, онкология тарихида кескин бурилиш ясади.

Экспериментал онкологиянинг асосчиси М. А. Новинский дунёда биринчи бўлиб ҳайвонларда хавфли ўсмаларни биридан-бирига кўчириб ўтказиб, ўсмаларнинг экспериментал штамларини ҳосил қилиш учун йўл очди. Н. Н. Перовнинг назарий ва амалий онкологияга қўшган ҳиссаси улкан. Унинг «Ўсмалар ҳақида умумий таълимот» (1910) монографияси онкология тарихида шифокор-онкологларнинг илк дастури бўлиб қолди ва ўсмалар ҳақидаги билимларнинг кенг тарқалишига олиб келди.

Ўзбекистонда онкология фанининг ривожланиши П. Ф. Боровский, Л. Д. Василенко ва бошқа(лар) олимлар номи билан боғлик. 1931 й. да Тошкентда Ўзбекистон рентген-радиология ва ўсма илмий текшириш институти очилиб, 1940 й. гача фаолият кўрсатиши, 1946 й. да Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тида онкология кафедраси очилиши, 1958 й. да Ўзбекистон Рентгенология, радиология ва онкология илмий текшириш институти ташкил этилиши, республикадаги барча тиббиёт ин-тларида онкология кафедралари фаолият кўрсата бошлаши онкология соҳасида кенг кўламда тадқиқотлар олиб берилишига имкон берди.

Ўзбекистон онкологлари томонидан ўсмалар билан бирга учрайдиган касалликлар, қуёш нурининг ўсма тўқималаридаги алмашинувга таъсири (Ж. М. Абдурасулов, К. Е. Никишин ва бошқа(лар)), ўсма касалликлари эпидемиологияси ва онкологик ёрдамни ташкил этиш (Н. Қ. Мурохўжаев, К. Г. Бобрина), хавфли ўсмалар иммунологияси масалалари (А. И. Николаев), ўсмаларни рентгенологик (Ж. М. Абдурасулов), ультратовуш (А. А. Фозилов) ва радиоизотоп (Н. Қ. Муродхўжаев) усуллар орқали аниқлаш йўллари такомиллаштирилди.

Хавфли ўсмаларнинг экспериментал, кимёвий ва радиацион канцерогенези масалалари, онкологик касалларни операция қилиб даволаш ишлари йўлга қўйилади. Онкология марказида ўсмани ультратовуш, электр магнит майдони (СВЧ, УВЧ), лазер нури ва физик омиллар ёрдамида маҳаллий ҳамда умумий гипертерапия усулларини қўллаган ҳолда комплекс даволашнинг янги усуллари ишлаб чиқилди.

Онкология фани ҳоз. 3 йўналишда ривожлантиримокда: 1) нормал ҳужайрадан рак ҳужайрага ўтиш механизмини фундаментал усуллар орқали ечиш; 2) аҳоли ўртасида ушбу касалликка мойил бўлган ва клиник белгилари юзага чиқмаган кишиларда ракнн иммунологик усуллар билан аниқлаш; 3) хавфли ўсмаларни иммунологик усуллар билан даволашни такомиллаштириш.

Хавфли ўсма, кўпинча, ўлим билан тугайди. Шу боис деярли ҳамма мамлакатларда унга қарши кураш олиб борилади. Бу ишга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ракка қарши кураш иттифоқи ва агентлиги раҳбарлик қилади.

Ҳоз. Ўзбекистоннинг йирик шаҳар ва қилоқларида онкология диспансерлари ва марказлари фаолият кўрсатмоқда. ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Онкология маркази, республика ва шаҳар онкология диспансери, шунингдек, тиббиёт ин-тларининг онкология кафедраларида фаннинг энг долзарб масалалари устида илмий текшириш ишлари олиб борилади.

[addtoany]