Ўзбекистон миллий реабилитация маркази

Ўзбекистон миллий реабилитация маркази – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли илмий текшириш муассасаси; ногироларни тиббий, ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва касб бўйича реабилитация масалаларини ўрганадиган йирик илмий, ташкилий методик ва консультатив марказ. 1972 й. Тошкентда нгиронларни меҳнат қобилиятини аниқлаш ва тиклаш илмий тадқиқот лаб. сифатида ташкил этилиб, 1980 й. у ногиронларни меҳнат қобилиятини аниқлаш ва тиклаш илмий текшириш институтига айлантирилди. 1997 й. дан ҳоз. номда. Асосий йўналишлари: ногиронлик муаммоларини тиббий-меҳнат экспертизаси орқали фуқаролар меҳнат қобилиятини турғун йўқотиш даражасини аниқлаш, уларда сақланиб қолган функционал ҳолатларни турли реабилитация чора-тадбирлари ёрдамида тиклаш, ўзига мос меҳнат тури билан шуғулланишига йўлланма бериш, уларни оила ва меҳнатга қайтариш, жамиятда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, шунингдек, малакали реабилитолог мутахассисларни тайёрлаш, жойлардаги тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) ҳамда 10 та минтақавий ҳудудий реабилитация марказлари фаолиятини мувофиклаштириш, илмий текшириш асосида ишлаб чиқилган услубий меъёрий ҳужжатларни амалиётга жорий қилиш. Марказда 3 илмий бўлим (терапия, жарроҳлик, неврология), 150 ўринли клиника, функционал диагностика ва тестлаш, физиотерапия, биокимёвий лаб., рентген хонаси ва қабулхона бор. У. м. р. м. да 5 та фан д-ри, 12 фан номзоди ва 30 дан зиёд илмий ходим хизмат қилади (2015). Илмий кенгаш фаолият кўрсатади, монография, услубий қўлланма ва бошқа(лар) нашр этилади.

ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

[addtoany]