Ўзбекистон қизил ярим ой жамияти – кўнгилли, инсонпарварлик ташкилоти; жамоатчилик асосида фаолият юритиб, ўзини ўзи бошқаради. 1925 й. ташкил этилган. Ўша пайтда собиқ Иттифоқнинг Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари уюшмаси таркибига кирган. 1992 й. дан мустақил Миллий жамият мақомида Ў. Қ. я. О. ж. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан эътироф этилгач (1995), Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерациясига аъзоликка қабул қилинди ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланди. У. Қ. я. О. ж. давлат ва унинг органларига ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади, ёрдамга мухтож фуқароларга нисбатан, уларнинг ирқи, миллати, жинси, диний ва сиёсий эътқодларидан қатьи назар, тинчлик ўрнатишга қаратилган, меҳр-шафқат, инсонпарварлик миссиясини бажаради. Ҳоз. вақтда У. Қ. я. О. ж. нинг 15 та минтақавий, 206 та туман (шаҳар) ва 1500 дан ортиқ бошланғич ташкилоти, 200 мингдан ортиқ фаол аъзоси ва 40 мингдан ортиқ волонтёр (кўнгилли)лари бор. Қурултой (юқори орган), Миллий кенгаш ва унинг раёсат жамиятнинг коллегиал органи ҳисобланади. Ўзбекистон Қизил ярим Ой жамиятининг Фахрий президенти этиб Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. А. Каримов сайланган (1992). Жамият ҳар йили юз минглаб кишиларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатади. Жамиятда «Меҳр-шафқат» хизмати ташкил қилинган, унда 37 та тиббий-ижтимоий марказ фаолият кўрсатади ва 360 нафар меҳр-шафқат ҳамшираси ишлайди. Ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали беморлар, кўп болали кам таъминланган ойналар Ў. Қ. я. О. ж. нинг доимий паноҳида туради. Фавқулодда вазиятларга тайёрланиш ва муносабат билдириш бўйича б та минтақавий марказ ташкил этилган, 986 та кўнгилли санитар дружина жалб қилинган, уларда 23 мингдан ортиқ волонтёр бор. Бу кўнгиллилар табиий ва техноген характердаги офатларга тезкорлик билан муносабат билдиради. Ў. Қ. я. О. ж. ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор беради, 26 та ёшлар маркази ва 35 та ёшлар клуби тузилган. Уларда 2 минг нафардан ортиқ волонтёрлар гуруҳи шаклланган. Жамиятда республика «Инсонийлик» ўқув-методик маркази бўлиб, бу ерда жамият ходимлари, аъзолари ва кўнгиллилари ўқитилади. Жамиятнинг меҳр-шафқат коллежи ташкил этилган. Коллеж тиббиёт ҳамшираларини, болаларнинг мактабгача махсус муассасаси тарбияловчиларини тайёрлайди. Коллежда 850 ўқувчи ўқийди, уларнинг барчаси жамият кўнгиллилари бўлиб, инсонпарварлик ва маърифий тадбирларида қатнашади.
Ў. Қ. я. О. ж. раиси Ў. Т. Воҳидова (1992 й. дан) Миллий жамият ривожига қўшган ҳиссаси ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой ҳаракатидаги алоҳида хизматлари учун шу ҳаракатнинг нуфузли нишонларидан бири – Испания Қизил Хочининг олтин медали билан тақдирланган.
[addtoany]