Пальпация

Пальпация [лот. palpatio – силаш], пайпаслаш – шифокорнинг беморни текшириш усули; бунда юза тўқималар ва чуқур жойлашган аъзоларни мунтазам пайпаслаб, масалан, терининг ҳарорати ва намлиги, баъзи ички аъзоларнинг катта-кичиклиги, жойланиши, юзаси қандай эканлиги ва консистенцияси, томир уриш хусусиятлари, шунингдек, пальпацияга нисбатан беморнинг реакцияси (масалан, оғриқ сезиши) аниқланади. Бимануал (икки қўл ёрдамида), юзаки (қорин бўшлиғидаги аъзолар касаллигида пайпаслаш), чуқур (текширилаётган аъзони қўл билан чуқур босиб пайпаслаш) ва бошқа(лар) хиллари бор. Суяклар, бўғимлар, мушаклар, лимфа тугунлари, ўсмалар, юза жойлашган қон Томирлар хам пайпаслаб текширилади. Ўпка касалликларини (масалан, зотилжам), ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг катта-кичиклигини аниқлашда пальпациядан фойдаланилади. Қорнидаги аъзолар: меъда, ичак, жигар, талоқ, буйракни текширишда пальпация усули муҳим аҳамиятга касб этади, чунки бунда шу аъзолар ҳақида аниқ фикрга эга бўлинади.

[addtoany]