Парафин билан даволаш

Парафин билан даволаш – парфиндан даво мақсадида фойдаланиш; асосан, аппликация, боғлов, ванна ёки маска ҳолида қўлланади.

П. билан д. нинг энг кўп тарқалган усуллари: қиздирилган парафин клеёнка тўшалган кювтага қўйилади, у 52-55° гала совигач, кюветдан олиб, гавданинг оғриётган қисмига қўйилади, клеёнка ёпиб, устидан адёл ёки кўрпа билан ўралади; шу ҳолатда 20-30 мин. туради; парафин олингач, бемор иссиқ адёлга ўралиб, 30-40 мин. дам олади. Даво курси 10-25 марта, кунда ёки кунора қўйилади. Парафин оғриқ қолдириш ва сўриб олиш хоссасига эга, моддалар алмашинуви, қон айланиши, тўқималар озиқланишини кучайтиради, чандиқланишга йўл қўймайди. Бўғимлар, пай қини, бойлам ва мушакларнинг ўткир ва сурункали касалликларида; шикастларда, нерв тизимининг оғриқ билан кечадиган касалликлари (радикулит, ишиас, неврит, невралгия)да, трофик яра, овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари (яра касаллиги, колит, гастрит)да; эркак ва аёллар жинсий аъзолари яллиғланганда; қулоқ, бурун, томоқ касалликлари; айрим тери касалликлари (қуруқ экзема, қизил темиратки)да, шунингдек, косметикада турли нуқсонларни (ажин, чандиқ ва бошқа(лар)) йўқотиш учун ишлатилади. П. билан д. фақат врач тавсия этгандагина қўлланади.

[addtoany]