Параганглийлар

Параганглийлар [юн. пара… ва ганглий] – умуртқали ҳайвонлар ва одамнинг эндокрин бези. Асосан, катехол-аминларни ишлаб чиқаради, нерв тизимининг хеморецепторлик вазифасини бажарувчи қўшимча аъзоси ҳисобланади. Энг кучли параганглийлар буйрак усти бези мағиз моддасидан, бел ва аортадаги параганглийлар секретар хромаффин ҳужайралар, қўшимча ҳужайралар (қоплама типдаги нейроглиялар) ва бириктирувчи туқималардан ташкил топган. Эмбриогнезда улар симпатик нерв тизими нейробласлари билан бирга ҳосил бўлади ва кўчиб ўтади. Бошқа параганглийлар – нохромаффинлар (асосан, парасипатик нерв тизими тармоқланган жойларда), жумладан, кўз ичидаги, ўпка, кўмик, мия пўстлоғидаги, каротидли, тана ва қўл-оёқ нервларидаги параганглийлар ҳисобланади. Улар IX ва X жуфт орқа мия нервининг эмбрионал асосларидан ҳосил бўлади.

Параганглийлар дастлаб тубан умуртқали ҳайвонларда пайдо бўлган ва, асосан, рецепторлик вазифасини бажарган. Филогенезда П. аста-секин эндокрин аъзо сифатида шакллана бошлаган. Умуртқали ҳайвонларда П. табақалашган: хромаффин ҳужайраларнинг Цитоплазматик тўрлари таркибида норадреналин (норадренцитлар) ёки майда гранулаларда кўп миқдорда адреналин (адреноцитлар) бўлади; нохромафин ҳужайралар катехоламин бўлмаган полипептид гормонларни синтезлайди деб тахмин қилинади. Айрим П. да (каротидли юрак усти ганглийлари) кислород етишмаслигини сеза оладиган ва унга жавобан секрет ажрата оладиган хусусият ривожланган. Кўпчилик П. ҳужайра ёки қон томири деворларига ёпишиб туради ёки ўша жойда ҳосил бўлади. Параганглийлар функцияси стрессга қарши организм фаолиятини бир меъёрда ушлаб туриш учун барча тизимларни фаоллаштришдан иборат. Организмда П. нинг ишлаб чиқарилишини хусусий ва умумий физиологик реакциялар назорат қилиб туради.

[addtoany]