Паразитология [паразит ва ..логия] – паразит организмлар систематикаси, морфологияги, биологияси ва экологияси, паразит ва хўжайин ўртасидаги ўзаро муносабатларни, одам, ҳайвон ва ўсимликларда паразитлар қўзғатадиган касалликларни ва уларга қарши кураш усулларини ўрганадиган биология фанлари комплекси. Паразитология паразитнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, паразит яшашга мослашиши, ривожланиши ва географик тарқалишини ўрганади.
Паразитология муаммолари биология нинг умумий муаммолари билан уйғунлашиб кетган. Жумладан, паразитларнинг морфологик ва физиологик мослашиш муаммоларини ўрганиш «тур»ни нозологик жиҳатдан тушуниш учун асос бўлиб ҳисобланади. Амалий жиҳатдан паразитология, паразитар касалликларга қарши курашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш орқали одам ва ҳайвонларнинг саломатлигини сақлашга ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Ҳайвонот дунёсига мансуб паразитлар зопаразитлар, улар пайдо қиладиган касалликлар инвазион касалликлар; ўсимликларга мансуб паразитлар фитопаразитлар, улар келтириб чиқарадиган касалликлар инфекцион касалликлар дейилади. Бинобарин, касалликларни инфекцион ва инвазион деб таснифлаш, касаллик қўзғатувчисининг ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсига мансублигига асосланган. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига мансуб паразитларни микробиология, эпиззотология, миология, фтопатология каби фанлар ўрганади. Ўсимликлар таркибидан алоҳида гуруҳ вируслар – vira ажратилган. Халқ хўжалигидаги аҳамиятига кўра, паразитология умумий , тиббиёт, агрономия, ветеринария паразитология сига ажратилади. Умумий паразитология шу фаннинг назарий асослари бўлиб, тирик организмларнинг ўзаро муносабатларини, паразит организмлар систематикаси, паразитар касалликлар патогенези, Давоси ва олдини олиш тадбирларини ўрганади. Одамларда касаллик пайдо қилувчи паразитларни тиббиёт паразитологияси, маданий ўсимликларда паразитлик қилувчи гельминтлар ва бўғимоёқлиларни агрономия паразитологияси ўрганади ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқади. Қ. х. ҳайвонлари паразитлари ва улар келтириб чиқарадиган касалликларни ўрганадиган ҳамда қарши кураш усулларини ишлаб чиқадиган фан ветеринария паразитологияси деб аталади. Ветеринария паразитологияси, ўз навбатида, паразит бир ҳужайралиларни ўрганадиган протозоология, паразит чувалчангларни ўрганадиган гельминтология, ўргимчаксимолар ва ҳашаротларни ўрганадиган арахноэнтомология фанларига ажратилади.
Паразитология зоология билан чамбарчас боғлик. Парзитлар морфологияси ва систематикасини билиш инвазион касалликларга ташхис куйиш учун зарур; уларнинг биологияси ва экологиясини ўрганиш эса уйғунлашган кураш чораларини ишлаб чиқишнинг асоси ҳисобланади. Паразитология эпизоотология ва эпидемиология, физиология, биокимё, фармакология, токсикология, иммунология, патологик анатомия ва бошқа(лар) биология, тиббиёт, ветеринария, қишлоқ хўжалиги фанлари билан хам боғланган. Замонавий паразитология биокимё, иммунология, электрон микроскопия, молекуляр биология ва бошқа(лар) фанларнинг текшириш усулларидан фойдаланади.
Паразит организмлар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино асарларида учрайди. Олим Тиб қонунларида аскарида, острица ва ришта каби паразит чувалчанглар пайдо қиладиган касалликлар ва уларни даволаш тўғрисида аниқ маълумотлар беради.
Паразитология 19-а. га келиб мустақил фан сифатида шакллана бошлади. Бу микроскопнинг такомиллашуви, кўплаб микроскопик паразитланинг кашф этилиши ва паразитларнинг ҳаёт цикллари ўрганилиши билан боғлик. Ўрта Осиёда паразитологияга оид маълумотлар 19-а. нинг 2-ярмида Туркистон ўлкаси бўйлаб саёҳат қилган рус натуралист олими А.П. Федченко асарларида учрайди. У Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда бўлиб, ҳар хил ҳайвонларнинг паразит чувалчангларини йиғади. Йиғилган материалларни Дания ва Германия мутахассислари ёрдамида ишлаш натижасида, уларнинг 24 турга мансуб эканлиги аниқланади. 20-а. бошларида Ўзбекистонда паразитология соҳасида тадқиқотларнинг ривожланиши рус олимлари К. И. Скрябин, Е. Н. Павловский, В. А. Догель, Н. В. Баданин, Л. М. Исаев ва бошқа(лар)нинг номи билан боғлиқ.
Ўзбекистонда паразитология фани, юқорида таъкилаганимиздек, 4 йўналиш бўйича шаклланиб, назарий ва амалий муаммоларни ҳал этиб келмоқда: 1) умумий П.; 2) тиббиёт 3) ветеринария 4) агрономия. Бу соҳадаги тадқиқотлар Ўзбекистон ФА Зоология илмий текшириш институтида, ФАнинг Қорақалпоғистон филили бўлимларида, Ўзбекистон Ветеринария илмий текшириш институтида, ун-тлар, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт ин-тлари қошидаги кафедраларда олиб борилади.
[addtoany]