- /
- /
- /
Пародонтоз
Пародонтоз [пора… ва юн. odontos – тиш], альвеоляр пиорея – тиш атрофидаги тўқималар (пародонт)нинг сурункали яллиғланиши, альвеоляр ўсимталар (тиш катакчалари) атрофияланади ва оқибатда тишлар қимирлаб тушиб кетади. Ўрта ва катта ёшдаги кишилар, баъзан ёшлар, ҳатто болаларда ҳам учрайди. Пародонтоз пародонт томирлари ва нервларининг бузилиши ёки касалланиши натижасида тиш атрофидаги тўқималарнинг қон билан етарли таъминланмаслиги оқибатида вужудга келади. Касалланган тишларни олиб ташлагандан кейин қолган тишларга овқат чайнаганда зўр келиши, тишда тош йиғилиши, тишни тўғри парвариш қилмаслик, нотўғри тишлаш, ясама тишларни тўғри қўймаслик, шунингдек, организмнинг умумий касалликлари П. га сабаб бўлиши мумкин. Пародонтозда тишнинг суяк тўқимаси аста-секин сўралади, тишлар қимирлаб қолади, баъзан милк яллиғланиб шишади, қонади, оғиздан қўлланса ҳид келади. Касалликда милкда йирингли пилла ҳосил бўлади. Касалликнинг олди олинмаса, милк яллиғланади (гингивит), кўринишидан соғлом тиш аста-секин қимирлаб тушиб кетади. Пародонтоз натижасида овқат чайнаш ва ҳазм қилиш бузилади. Беморга индивидуал ва комплекс даво қилинади. Пародонтозда стоматолог врач кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш керак.
Пародонтознинг олдини олишда кундалик овқат тури ва таркиби муҳим аҳамиятга эга; қаттиқ овқатлар милкни табиий массаж қилади ва юмшоқ тиш қатламларидан тозалайди. Овқатдан кейин мева ва сабзавотлар (сабзи, олма ва б.) еб туриш фойдали.