Патология [юн. pathos – касаллик ва logos – таълимот] – назарий ва клиник тиббиёт соҳаси; касалликнинг пайдо бўлиш сабаби, ривожланиш қонунияти кечиши ва оқибатини ўрганади. Патологик жараёнларнинг умумий қонуниятлари ва сабаблари умумий патологияда, айрим аъзо ва тизимлар касалликлари хусусий патологияда ўрганилади. Патология патологик анатомия ва патологик физиологияга бўлинади. Бундан ташқари, экспериментал, қиёсий, клиник, палеопатология, шунингдек, кимёвий ва физик-кимёвий, профессионал, молекуляр ва бошқа патологиялар бор. Экспериментал патология одамлар (ҳайвонларга учрайдиган касалликларни тажриба ҳайвонларида сунъий йўл билан пайдо қилиб, унинг авж олиш механизмларини, қиёсий патология одам ва ҳайвонларда учрайдиган касалликларнинг кечиши ва ривожланишидаги хусусиятларни қиёслаб ўрганади. Клиник П. аъзо ва тизимларнинг функционал ҳолатини аниқлаш мақсадида беморни текширади, шунингдек, клиник-лаборатория, биокимёвий ва бошқа текширувлар ўтказади; ўлка П. си касалликни тураржойнинг ўзига хос хусусиятларига боғлик ҳолда ўрганади; Ишлаб чиқаришдаги зарарли таъсир этувчи омилларни ўрганадиган касб П. си ҳам бор.
19-а. нинг ўрталарида немис олими Р. Вирхов асос солган целлюляр (ҳужайра П. си) назариясига кўра, касаллик ҳужайра ва аъзоларнинг тузилишидаги ўзгаришлар оқибатдир. Бу касаллик моҳиятини ўрганишда ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Ўзбекистонда П. соҳадаги илмий текшириш лар дастлаб 20-а. нинг 20-й. ларида бошланди. Бунда ўлка П. сига оид муҳим вазифалар ишлаб чиқилди. Бу сохага оид масалалар Тошкент тиббиёт академиясида 1998 й. дан чоп этиладиган «Патология» журналида ёритиб борилади.
[addtoany]