Патопсихология [юн. pathos – касаллик ва психология] — психологиянинг бир соҳаси. Инсон бош миясининг зарарланиши ёки унинг етарли даражада ривожланмаганлиги натижасида келиб чиқадиган руҳий касалликларни ўрганади. Патопсихология психиатрия билан мустаҳкам боғланган. Патопсихология 19-а. охиридан ривожлана бошлади. Дастлабки психологик тажриба лаб. ларини немис психологи В. Вундт ташкил қилди. Патологик ўзгаришларнинг таҳлили соғлом кишиларнинг хусусиятлари, ҳолатлари, билим жараёнлари шаклланиши ва кечишининг ўзига хослиги билан таққослаш асосида амалга оширилади. Патопсихология касалликнинг пайдо бўлиши унинг тузалиши, симптом билан синдромларнинг ўрин алмашишни клиник қонуний ҳолат деб ҳисоблайди. Патопсихология сезги, идрок, тасаввур, хотира, тафаккур, хаёл, малакалар, кўникмалар, ҳиссиёт, ирода сингари руҳий жараёнлар ҳамда ҳолатларнинг бузилишини психологик жиҳатдан таҳлил қилади. У руҳий жараёнлар тузилишининг ўзига хослиги, кечишининг хусусиятларини тадқиқ этади. Патопсихология психик фаолиятлар бузилишини тикланинг илмий асосланган усулларини ишлаб чиқишга ёрдам беради. Руҳий нуқсонларни тўлдиришнинг оқилона усулларидан фойдаланиш эвазига касалликни тезкор тузатиш имконияти туғилади. Патопсихология маълумотларидан ташхис қўйиш мақсадларида, психиатрик экспертизада – меҳнат, суд, ҳарбий экспертизада фойдаланилади. Бу соҳа болалар психиатриясида алоҳида аҳамиятли бўлиб, у интеллект пасайиши даражасини белгилашда, боланинг ўқиш қобилиятини олдиндан айтиб беришда қўлланилади.
[addtoany]