Пигментлар [лот. pigmentum- бўёқ] – 1) (биологияда) организмлар тўқималари таркибига кирадиган бўёқ бирикмалар. Пигментлар ранги улар молекуласи таркибидаги қуёш спектрининг кўзга кўринадиган нурларини (380-750 нм) танлаб ютадиган хромофор гуруҳи билан боғлиқ. Пигментлар цитохромлар, каталаза ва бошқа(лар) ферментлар, мембрана структураси таркибига киради, оқсиллар ва липидлар билан бирга комплекс ҳосил қилади. Ҳужайрада пигментлар махсус тузилмалар (хлропластлар, хромопластлар ва бошқа(лар)) ичида, баъзан ҳужайра ширасида бўлади. Кўпчилик ҳайвонларда махсус пигментлар ҳужайралари мавжуд. Пигментлар фотобиологик очиқ жараёнларида (фотосинтез, кўриш, фоторегуляция) катта аҳамиятга эга; нафас олишда иштирок этади (гемоглобин, цитохромлар, хромогенлар), организмни ультрабинафша нурлар таъсиридан сақлайди (ўсимликларда – каротиноидлар ва флавоноидлар, ҳайвонларда – меланинлар), ҳайвон ва ўсимликлар рангини белгилайди. Пигментлардан озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида фойдаланилади.
2) (кимёда] – сувда, органик эритувчилада, парда ҳосил қилувчи моддаларда ва бошқа(лар) бўладиган муҳитларда эримайдиган (бўягичладан фарқли ўлароқ) юқори дисперс кукунсимон бўёвчи моддалар. Пигментлар материалларни коррозиядан сақлайдиган плёнкаларнинг хоссаларини яхшилайди. Органик П. – кимёвий тузилиши турлича бўлган синтетик бўёқ моддалар. Булар яшил-сариқ рангдан тўқ қизил ранггача бўлади. Фталоцианин П. нинг ранги оч зангори, чидамлиги билан бошқа буёвчидардан ажралиб туради. Сариқ рангдан яшил ранггача бўлган оловбардош полициклик П. нинг ҳам аҳамияти катта. Анорганик П. – таркибида кўп миқдорда темир оқсиллари, синтетик маҳсулотлар, оз миқдорда сульфидлар, селенидлар, оқсиллар ва хроматлар бўлган табиий минераллар. Анорганик П. нинг ранги бўғиқ, органик П. га қараганда кам татимли, зичлиги катта, ёруғликка чидамли. Пигментлар, асосан, лок-бўёқ материаллар (масалан, амаллар, бўёқлар, жумладан, босмахона бўёқлари ва бадиий бўёқлар), шунингдек, пластмассалар, резиналар, қурилиш материаллари, силикат сирлар (фақат анорганик П.), косметик препаратлар ва бошқа(лар) тайёрлашда, сунъий ва синтетик толаларни бўяшда, сунъий чарм ва газламаларга босма ранг беришда кўплаб ишлатилади.
[addtoany]