Плейотропия

Плейотропия [юн. pleon – анча кўп сонли ва tropos – бурилиш, йўналиш] – геннинг кўп томонлама, яъни бир нечта белгиларнинг ривожланишига таъсир кўрсата олиш хусусияти. Плейотропия ҳодисаси генотип назорат қилиб турадиган реакциялар маҳсулоти даражасида ўзаро таъсир кўрсатадиган генлар тизими билан боғлиқ. Амалда ҳар бир ген метаболизм жараёнининг маълум бир босқичини назорат қилади; ҳужайрада метаболитик жараёнларнинг кўп босқичлиги ва хилма-хиллиги туфайли бирон босқичда метаболизмнинг издан чиқиши (бир гендаги мутация) кейинги босқичларнинг боришига, бинобарин, бир нечта белгиларга таъсир кўрсатади. Бир ген маҳсулоти (масалан, фермент)нинг бир нечта биокимёвий реакцияларда иштирок этиши гемоглобин молекуласида полипептид занжирнинг синтезини назорат этувчи гендаги рецессив мутация геннинг плейотроп таъсирига мисол бўла олади. Бундай мутация гемоглобин молекуласининг β-занжирида битта аминокислота қолдиғининг (глутамин кислотанинг валин билан) алмашинишини таъминлайди. Натижада эритроцитларнинг шакли ўзгариб, ўроқсимон (ярим ойсимон) шаклга киради. Бу эса, ўз навбатида, юрак, қон айланиш, нерв, овқат ҳазм қилиш ва айириш тизимлари фаолиятининг бузилишига олиб келади. Бундай мутацияга нисбатан гомозигот (рецессив гомозиготали) бўлган одам болалик давридаёқ нобуд бўлади.

[addtoany]