Пневмокониоз

Пневмокониоз [юн. pneumon – ўпка ва konia – чанг] – зарарли чангларни узоқ вақт ютишдан пайдо бўладиган ўпка касалликлари гуруҳи. Пневмокониозга кон-руда, кўмир, машинасозлик ва саноатнинг бошқа тармоқлари ишчиларининг хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмасликларидан пайдо бўлади.

Клиник белгилари, кечиши ва асоратлрига кўра фарқ қиладиган пневмокониознинг ривожланиш муддатлари ҳар хил бўлиб, бу – ҳавонинг ифлосланиш даражаси, чангнинг характери, организмнинг шахсий сезувчанлиги ва бошқа(лар) сабабларга қараб аниқланади.

Пневмокониознинг олдини олиш учун и. ч. корхоналарида, конларда ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш, ишчилар, албатта, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланишлари ва вақт-вакти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришлари керак. Касалликнинг зўрайиб кетишига йўл қўймаслик учун силикоз, асбестоз ва бошқа(лар) билан касалланган беморларни зарарли чанглар бўлмайдиган бошқа ишга ўтказиш зарур.

Загрузка...