Преформизм [лот. praeformo – олдиндан ҳосил қиламан] – организм жинсий ҳужайраларида эмбрионнинг ривожланиши ва ундан ҳосил бўладиган организм хусусиятларини олдиндан белгилаб берадиган моддий тузилмаларнинг бўлиши тўғрисидаги таълимот. Преформистик қарашлар тарихан узоқ вақт давомида шаклланган. Дастлабки микроскпистлар (Я. Сваммердам, М. Мальпиги, А. Левенгук ва бошқа(лар)) фикрича, тухум (овизм) ёки уруғ (анималкулизм) ҳужайрада барча аъзолар батамом шаклланган, жуда кичик муртакча мавжуд; ривожланиш фақат муртак қисмларининг йириклашувидан иборат. Тухум ёки уруғ ҳужайрани 1-ўринга кўйишига кўра, прформистларни овистлар ва анималкулистлага ажратиш мумкин. Преформистлар илгари сурган ғоя мантиқий жиҳатдан креационисларнинг тирик организмларни худонинг ўзи яратганлиги тўғрисидаги ғоясига яқин келади. Преформистик қарашларни кейинчалик ҳаётнинг ўз-ўзидан пайдо бўлиши тўғрисидаги ва бошқа(лар) ғояларнинг мухолифлари (А. Галлер, Ш. Бонне, Л. Спаланцани ва бошқа(лар)) ривожлантиришда 18-а. нинг 2-ярмидан бошлаб организм ривожланишидаги издан чиқишлар, ота-она белгиларининг ирсийланиши, аъзолар регенерацияси тўғрисида маълумотлар тўпланиб бориши билан ривожланишда янги белгиларнинг муайян тартибда ҳосил бўлиши тўғрисидаги таълимот – эпигенез шаклланди. Т. Мопертюи, Ж. Б. Бюффон, айниқса, К. Вольф товуқ тухуми ва ўсимлик муртагининг ривожланишини кузатиш асосида бу таълимотни ёқлаб чиқишди.
19-а. нинг 2-ярмида уруғланиш ва ҳужайра бўлиниши (лштоз)нинг моҳияти очиб берилиши ҳамда ирсият ва ривожланиш механизмлрининг ҳужайра ядросидаги хромосомалар билан боғлиқлиги тўғрисидаги таълимот пайдо бўлиши билан преформистик қарашлар яна қайтадан юзага чиқа бошлайди. Ривожланишни фақат ташқи шароит таъсири (эктогенез) ёки моддий бўлмаган омил билан боғлиқлиги тўғрисидаги (витализм) эпигенетик ғоялар асоссиз эканлиги исбот қилинди. 19-а. нинг охирида организм тузилиши ва ривожланиши ҳужайра ядроси билан боғлиқлиги, хромосомаларнинг индивдуаллиги, уларнинг уруғланиш ва белгиларнинг ирсийланишидаги аҳамияти тўғрисидаги таълимот ҳам ўз моҳиятига кўра дастлаб прформизмга яқин эди. 20-а. ўрталарида генлар кимёвий табиатининг аниқланиши, ирсий ахборотнинг сақланиши ва ирсиятга берилиши механизмининг аниқланиши билан преформизмнинг кўп асрлик ва қарама-қаршиликларга бой тарихи ҳам барҳам топди.