Профаг

Профаг [юн. pro- илгари ва…фаг] – бактерия ҳужайрасида хромосома билан бир вақтда репликация қилинадиган ўрта миёна бактериофаг геноми; бактериофагнинг латент (яширин) инфекцияси шакли. Одатда, бундай фаг геноми П. ҳолатга ўтишдан олдин бактерия хромосмасининг муайян қисмига бирикиб олади, баъзан бирикмасдан бактерия ҳужайрасида ДНК ҳалқаси шаклида жойлашади. Фаг геноми билан бириккан бактерия лизоген бактерия дейилади. Профагнинг ҳужайрани емирадиган гени репрессия қилинганлиги (таъсири тўхтатилгани) туфайли бактерия учун зарарсиз бўлиб қолади. Профаг ҳолатга ўтган фаг геноми бактерия хромосмаси билан бирга репликация қилинади. Аммо лизоген бактериялардан айримлари (млн. дан биттасига индукция юз бериши, яъни П. яна бактерия ҳужайрасини зарарлайдиган формага ўтиб қолиши мумкин. Профаг индукцияси тезлиги айрим омиллар (масалан, ультрабинафша нурлар) таъсирида тезлашиши мумкин. Профаг фаг геноми кодлаштирадиган ферментлар ёрдамида катлизланади. Профаг индукциясида фаг геномига бактерия хромосомасининг айрим қисмлари (Профаг хромосомага бирикканида) ёки бактерия ДНК си парчалари (Профаг хромосомага қўшилмаганида) кириб қолиши мумкин. Бундай фаглардан махсус ва умумий трансдукция соҳасидаги тажрибаларда фойдаланилади.

[addtoany]