Проктология

Проктология [юн. proktos – тўғри ичак ва логия – фан] – тиббиётнинг бир бўлими. Тўғри ичак, анал канали ва оралиқ соҳаси касалликларининг этиологияси, патогенези, морфологиси, физиологияси, диагностикаси ва даволаш усулларини ўрганади.

Тиббиётнинг сўнгги йилларда тез ривожланиши туфайли проктология фақат тўғри ичак, анал канали ва оралиқ соҳаси касалликларини (баёсир, ўткир ва сурункали парапроктитлар, ичак окмалари, анал сфинктери етишмаслиги ва бошқа(лар)) ўрганиш билан чегараланиб қолмай, йўғон ичакнинг юқори қисми, яъни чамбар ичак касалликларини ҳам ўргана бошлади. Чунки носпецифик ярали колит, Крон касаллиги, оилавий аденоматоз, йўғон ичак ўсмалари, қабзият ва бошқа(лар) касалликлар, айни вақтда, тўғри ичакни ҳам, чамбар ичакни ҳам зарарлайди. Америка, Европа давлатлари ва Россияда «проктология» фанининг «колопроктология» деб аталишининг боиси ҳам ана шунда. 10-касалликларнинг халқаро таснифига (МКБ-10) биноан, колопроктология фани 200 дан ортиқ касаллик ва синдромларни ўрганади.

Тўғри ва чамбар ичак касалликларини ўрганиш қадимдан маълум бўлиб, Гиппократ, Абу Али Ибн Сино ва бошқа(лар) ўз асарларида бу касалликларни батафсил ёритишган.

Ўзбекистонда проктология фани 20-а. нинг бошларида ривожлана бориб, бунга 3. Низомов, Э. Жўраев ва бошқа(лар) олимлар катта ҳисса қўшдилар.

20-а. нинг 80-й. ларидан эса колопроктология мустақил фан ва алоҳида мутахассислик сифатида ривожлана бошлади. Бунда Ў. Орипов, С. Наврўзов ва бошқа(лар) олимларнинг хизматлари катта бўлди. Ҳоз. Ўзбекистоннинг барча вилоят маказларида ихтисослашган бўлимлар мавжуд. Тошкент шаҳрида эса Республика колопроктология илмий маркази фаолият кўрсатади.

[addtoany]