Психика [юн. psychikos – руҳий], руҳият – юксак даражада ташкил топган материя (мия)нинг вокеликни алоҳида шаклда акс эттиришдан иборат хусусияти. Асосан, сезги, тасаввур, тафаккур, иродавий хатти-ҳаркат ва бошқа(лар) субъектив образларда акс этади. Психика материяга нисбатан иккиламчи, ҳосила. Бу психиканинг мавжудлик усули (мия хусусияти) да ва унинг мазмуни (объектив одамнинг субъектив образи)да кўринади. Психика материя тараққиётининг муайян босқичида – тирик организмларда сезувчанликнинг алоҳида шакли ёки ҳис қилиш қобилияти пайдо бўлиши билан вужудга келган. Тирик мавжудотнинг морфлогик-физиологик тузилиши мураккаблашуви, унда нерв тизимининг вужудга келиши ва тараққий этиши, бош мия, унинг катта ярим шарларининг шаклланиши ва такомиллашши жараёнида ривожланган. Психиканинг ўзига хос аъзоси инсонда ва олий даражада ривожланган ҳайвонларда бош миядир. Психика – субъективлик билан объективликнинг бирлигидир. Психик фаолият доимо муайян субъекти хос бўлиб, унинг шахсий хусусиятлари билан боғланган. Айни вақтда, психика объектив одамнинг муайян манзрасини яратувчи мия инъикос фаолиятининг реал жараёни сифатида объективдир. Психика психик жараёнлар, ҳолатлар ва инсоннинг психик хусусиятларининг зоҳирий бирлигидир. Психика ривожининг олий шакли – инсон П. сидир. Унинг пайдо бўлиши ва ривожланишида инсонга хос бўлган атрофдаги олам билан ўзаро муносабатга киришиш усули – меҳнат ҳал қилувчи роль ўйнаган. Инсон П. си фақат биологик тараққиёнинг эмас, ижтимоий-тарихий тараққиётнинг ҳам маҳсулидир. Ижтимоий, меҳнат амалиёти олий, фақат инсонгагина хос П. шакли – онгни вужудга келтирди. Инсон П. сининг энг муҳим хусусияти – ишлар, ҳодисалар ва бошқа(лар)ни олдиндан кўра билиш ва ўзи нима қилишини режалаштиришдан иборат. Инсон объектив воқеликдаги предметлар ва ҳодисаларни тажрибага асосланиб идрок қилади. Инсоннинг психик фаолияти асосида биринчи ва иккинчи сигнал системаларининг ўзаро таъсири ётади. Психиканинг муҳим томони унинг рефлекторлик табиат, яъни рефлекслар ҳосил бўлиши, бу жараённинг тўхтовсиз ва қатъий кечишидир. Реал П. фаолият кўринишида мавжуд. Фаолиятда у шаклланади, намоён бўлади ва билиб олинади. Инсон П. сининг шаклланишида таълим ва тарбия муҳим роль ўйнайди. Таълим ва меҳнат жараёнида ҳар бир шахс П. сининг индивидуал ривожланиши юз беради, бу инсоният тўплаган моддий ва маънавий бойликларни ўзлаштришдан иборатдир. Психикани психология ўрганади.
[addtoany]