Психогениялар [психо… ва ген] – руҳий изтироб берувчи омиллар оқибатида келиб чиқадиган психик касалликлар гуруҳи. Психогениялар неврозлар ва реактив психозларга бўлинади. Руҳий изтироб берувчи омилларнинг кучига ва давомлилигига қараб ҳар қандай кишиларда ҳам психогениялар учраши мумкин, лекин уларнинг келиб чиқишига, албатта, кўшимча омиллар: руҳий ҳолатлар, жумладан, ақл-идрок даражаси, ишонувчанлик, ҳиссиётлар хусусияти ва бошқа(лар) касалликлар оқибати (миянинг шикастланиши, ички аъзолар хасталиклари, алкоголизм) ҳам сабаб бўлади. Кучли даражадаги таъсиротлар оқибатида реактив психозлар келиб чиқади. Реактив психозларнинг 3 та асосий моҳияти бор: 1) реактив психозлар ҳамма вақт руҳий изтироблар оқибатида келиб чиқади; 2) беморлар кечинмларида эса мана шу руҳий изтироблар акс этади; 3) руҳий изтироблар йўқолиши билан руҳий хасталик ҳам барҳам топади.
Ўз навбатида, беморларнинг шахсий-коституционал моҳиятларига қараб, асосан, 3 хил неврозлар қайд қилинади: неврастения, истрия ва миядан кетмайдиган ҳолатлар неврози. Психогенияларга мубтало бўлган беморлар изтироб берувчи омиллар бартараф килингандан кейин тезда ва бутунлай тузалиб кетиши мумкин. Бироқ узоқ давом этган изтиробли руҳий кечинмалар киши шахсининг ўзгариб кетишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
[addtoany]