Радиацион гигиена

Радиацион гигиена – радиоактив моддалар ва ионловчи нурларнинг инсон организмига таъсирини ўрганадиган фан, гигиенанинг бир бўлими. Радиоактив моддалар билан ишлайдиган кишилар ва умуман аҳолини нурланидан сақлаш учун санитария-гигиена қонун-қодаларини ишлаб чиқади.

Радиацион гигиена мустақил фан сифатида 1946 й. (АҚШнинг Тинч океанда ўтказган ядро қуроли синвидан сўнг) юзага келди. Радиацион гигиена, асосан, ионловчи нур манбалари бўлган корхона ёки муассасалар биноси, ҳудуди ва ҳ. к. нинг дозиметрияси масалалари билан шуғулланади, радиоизотоплар, рентген аппаратлари, гамма-нурлар билан ишлайдиган ишчиларнинг шахсий дозиметриясини назорат қилади, меҳнат гигиенаси муаммоларини ҳал қилиш ва атом саноати корхоналари, уран, торий конлари, кимё, металлургия, машинасозлик ва бошқа(лар) саноат корхоналари ишчиларининг радиацион хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини кўради. Шунингдек, ташқи муҳит (ҳаво, ер, сув ва ўсимликларни радиоактив моддалар билан ифлосланиш жараёнлари ва бу муҳитнинг аҳоли соғлиғига, инсон наслига таъсирини ўрганади. Радиоактив моддалар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини сантария-экспертиза қилиш усулларини ишлаб чиқади ва радиоактив чиқиндиларни йўқотиш устидан санитария назорати олиб боради.

[addtoany]