Рағбат – инсон ҳис-туйғулари, руҳий ҳолатлари ривожи ва барқарорлашувига ёрдам берувчи, уни фаолликка ундовчи психик таъсир. У жавоб реакцияси сифатида шахсга таъсир ўтказишнинг воситаси вазифасини бажаради. Шу боис рағбат ҳам сабаб, ҳам оқибат ролини ўйнайди. Бихевиоризмда Р. билан реакция муносабати ташқи таъсир (муҳитдаги ўзгаришлар), организмнинг ҳаракатларга жавоб реакцияси сифатида талқин қилинади. Рағбатни мотив (ички туртки) билан айнанлаштириш мумкин бўлмаса-да, баъзи ҳолатларда у ички турткига айланиши ҳам мумкин. Психологияда Р. инсон руҳиятига, билвосита дунёкарашига, ҳиссиётга, кайфиятига, қизиқишига, интилишига ижобий таъсир ўтказишдир. Рағбат моддий ва маънавий мазмунга эга бўлиб, шахснинг фаолият самарадорлиги ортишига хизмат қилади.
[addtoany]