Радиацион ҳимоя, радиацион хавфсизлик – радиоактив моддалар ва бошқа(лар) ионловчи нурланиш манбалари билан ишлганда хавфсизликни таъминловчи тадбирлар мажмуи. Радиобиология, ядро физикаси, космик биология, космик тиббиёт ва бошқа(лар) фанлар ютуқларига асосланади. Радиацион ҳимоянинг асосий мақсади – биосферанинг радиоактив моддалар билан ифлосланишига йўл қўймаслик, одам ва ҳайвонлар организмини (масалан, космос шароитида) зарарли нурланишлардан асраш ва ҳ. к. Зарарли нурланишларнинг организмга биологик таъсири ҳақидаги маълумотлар радиацион ҳимоя ёки радиацион хавфсизлик меъёрларини ишлаб чиқиш учун асос бўлади. Радиоактив моддалар билан ишлаганда ёки улардан фойдаланишда хавфсиз шароитларни таъминлаш, аввало, ходимларни хавфли нурланишлар манбаи (ядро реакторлри, гамма-дефектоскоплар, радиоизотоп темоэлектр генератор ва бошқа(лар)) таъсиридан ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Бунга курилмаларни экранлаш (тўсиш), иш хонасига кириш учун лабиринт (айланма) йўллар ҳосил қилиш, бу манбалар билан ишлаш вақтини чеклаб қўйиш, радиоактив чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш ва уларга тегишли ишлов бериш, якка (индивидуал) ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва бошқа(лар) тадбирлар орқали эришилади.
Радиацион ҳимояни меъёрий жиҳатдан таъминлаш учун радиацион ҳимоя бўйича халқаро комиссия материаллари асосида радиацион хавфсизлик меъёрлари ишлаб чиқилган (1976). Бу ҳужжатда радиацион ҳимоянинг асосий тамойиллари белгилаб қўйилган. Бу меъёрларда радиоктив нурлар билан нурланишнинг чегараси йўл қўйиладиган қийматлари ва назорат даражалари, нурланиш дозалари чегаралари, турли нурланишларнинг сифат коэффициентлари белгилаб қўйилган. Бу меъёрлар радиоактив моддалар билан ишловчи барча шахслар учун мажбурий ҳисобланади. Агар радиацион ҳимояга доир чегаравий меъёрлар бузилганлиги аниқланса, «Радиоактив моддалар ва бошқа(лар) ионловчи нурланишлар билан ишлашдаги асосий санитария қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилади.
[addtoany]