Серотерапия

Серотерапия [лот. serum – зардоб ва терапия – даволаш] – касалликларни нормал ва иммун зардоблар ёрдамида даволаш усули. Серотерапияда даво организмда пассив иммунитет ҳосил қилиш – зардоб таркибидаги антителолар ёрдамида микроблар (токсинлар)ни зарарсизлантиришга асосланади. Зардоблар ҳайвонларни (кўпроқ отларни) иммунлаш йўли билан олинади. Шунингдек, серотерапияга тозаланган ва концентрланган гетерген (иммунланган ҳайвон зардобидан олинган) ва гомологик (иммунланган ёки касалланиб, соғайган одам зардобидан олинган) гамма-глбулинлардан ҳам фойдаланилади. Иммун задоблар дифтерия, ботулизм, шунингдек, илон, ари, баъзи ҳашаротлар чакканда, гамма-глбулин грипп, куйдирги ва бошқа(лар) юқумли касалликларни даволашда қўлланади. Серотерапия асоратларининг олдини олиш учун зардобни юборишдан олдин (15-30 дақиқа, баъзан 1-2 кун илгари), унинг озроқ миқдори юбориб кўрилади (яна қ. Иммунотерапия).

Загрузка...