Сальмонеллёзлар – одам ва ҳайвонларда сальмонеллалар қўзғатадиган юқумли ўткир ичак касаллиги. Меъда-ичак йўллари жароҳатланиши билан кечади. Қўзғатувчиси энтробактериялар оиласига мансуб, грамманфий Сальмонелла таёкчалари. Инфекция манбаи бемор одам ва ҳайвон. Бемор ёки бактерия ташувчи ҳам инфекция манбаи бўлиши мумкин. Ўзбекистонда сальмонеллёзлар, асосан, спорадик (алоҳида қайд қилинадиган), баъзан чекланган касаллик сифатида кузатилади. Касаллик йил давомида, кўпинча, ёз-куз ойларида учрайди. Сальмонеллёзларга катталарга нисбатан болалар кўпроқ мойил бўлишади. Сунъий овқатлантириладиган болалар касалликка тез чалинади. Шу сабабдан 3 ёшгача бўлган болалар энг кўп касалланадиган гуруҳ ҳисобланади. Микроб одам организмига оғиз орқали тушади. Организмга тушган сальмонеллалар оғиз бўшлиғи, ичак шиллиқ қавати ва лимфоид тўқималар орқали қон ва лимфага ўтиб, бошқа аъзоларга тарқалади. Улар организмнинг ҳимоя кучлари таъсирида нобуд бўлиб, эндотоксемия рўй беради. Касаллик клиник аломатларининг намоён бўлиши шу икки омилга боғлик. Шу сабаб сальмонеллёзлар баъзи ҳолларда ўткир гастроэнтероколит кўринишида оғир кечса, бошқа ҳолларда клиник аломатларсиз ўтиши ҳам мумкин. Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 1-2 кунгача. Хасталик, одатда, ўткир бошланади. Овқат орқали юкканида касаллик овқатдан бўладиган ўткир токсикоинфекция кўринишида оғир кечади. Умумий лоҳаслик, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, ҳарорат кўтарилиши кузатилади. Сўнгра ўткир гастроэнтерит, ҳатто гастроэнтероколит аломатлари қўшилади. Бот-бот қусиш, ич суриши кузатилади. Қорин мижиғлаб оғрийди. Оғир кечган ҳолларда организм сувсизланиб қолади – дегидратация рўй беради. Оғир ҳолларда гиповолемик шок ривожланади.
Даволаш эрта бошланса, 2-3 кун давомида беморнинг аҳволи яхшиланади. Баъзи беморларда тузалганидан сўнг бактерия таловчилик ҳолати кузатилади. Сальмонеллёзларга ташхис кўйишда касаллик аломатлари ва эпидемиологик маълумотлар эътиборга олинади.
Олдини олиш. Озиқ-овқат саноати тизимида маҳсулот тайёрлаш, ташиш ва сақлаш жараёнида санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиш ва шу соҳа ходимларини вақг-вақти билан бактериологик текширишдан ўтказиб туриш лозим.
[addtoany]