Синапслар [юн. synapsis – уланиш, тутшиш] – нерв ҳужайралари (нейронлар)нинг ўзаро ва ижрочи аъзолар ҳужайралари билан туташган жойи. Синапслар сигналларни импульсларга айлантиради ва узатади. «С.» атамасини биринчи бўлиб инглиз физиологи Ч. Шеррингтон нейронлараро алоқани тушунтириш учун қўллаган (1897). Синапслар ёрдамида нейронлар бир-бири билан боғланади. Натижада нерв тизимининг фаоллиги ва бош миянинг интегратив фаолияти кучаяди. Синапсларга синаптик уйлар, икки ҳужайра оралиғидаги синаптик тирқиш (бу 200 Е, баъзиларда 1000 Е ва ундан ортиқ) ва синаптик учларга тегиб турувчи ҳужайра қисми киради. Нейронлараро синапсларни, одатда, бир нерв ҳужайраси аксонининг тармоқлари ва тана, дендритлар ёки бошқа нейрон аксони вужудга келтиради; ҳужайралар оралиғида синапслар тирқиши бўлиб, бу тирқиш орқали қўзғалиш медиаторлар (кимёвий), ионлар (электр) ёки иккаласи (аралаш С. лар) ёрдамида узатилади. Синапслар функционал аҳамиятига кўра, ҳужайра фаолиятини фаолаштиради ёки тормозлайди. Электротоник С. да қуйи молекуляр бирикмалар бир ҳужайра цитоплазмасидан иккинчисига тўғридан-тўғри ўтиш имкониятига эга. Электротоник С. синалларнинг тез ва ўзгармасдан, кимёвий С. эса фақат бир томонга узатилишини таъминлайди. Ҳужайрани тормоз ҳолатига олиб келадиган С. ҳам бор. Булар тормозловчи С. деб аталади ва шулар ёрдамида қўзғалган ҳолат гўё «йўқотилади». Бу билан нерв ҳужайралари ўта кўзғалидан сақланади.
Ҳужайралар ўртасидаги синаптик алоқа нерв ҳужайраларининг функционал бирлашшида, қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг йўналишини, шунингдек, организмнинг таъсирловчига нисбатан бўлган реакциясини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
[addtoany]