Спазмофилия [юн. spasmos – тортишиш ва philia – мойиллик], шайтонлаш – қонда кальций миқдорининг камайиши натижасида пайдо бўлиб, вақт-вақтида шайтонлаб қолиш билан кечадиган касаллик. Одатда, 2 ёшгача бўлган болаларда, айниқса, баҳорда кўпроқ кузатилади.
Болани яхши парвариш қилмаслик, нотўғри эмизиш, тоза ҳавода кам олиб юриш спазмофилиянинг ривожланишига сабаб бўлади. Касалликнинг яширин ва очиқ шакли бор. Яширин шакли бола нервининг ўта қўзғалувчанлик билан характерланади. Бошқа касалликлар қўйилганда, айниқса, рахит зўрайганда очиқ шаклга ўтади, бунда ҳар хил мушакларда тортишиш ва тиришиш рўй беради. Кўпинча, бола чинқириб йиғлаганда товуш ёриғи торайиб, мушаклари тортишиб қолади (спазм).
Баъзи болаларда қўл ва оёқ панжаси мушакларининг тортишиши кузатилиб, бу бир неча соатдан бир неча кунгача чўзилиши мумкин.
Шайтонлаш пайтида боланинг ҳушдан кетиши спазмофилиянинг хавфли кўринишидир. Дастлаб боланинг ранги оқариб, юз мушаклари уча бошлайди, сўнгра умумий шайтонлаш бошланади. Боланинг боши орқага тортиб кетади, оғзидан сўлак оқади, лаблари кўкаради, нафаси ўзгаради, беихтиёр сийиб юборади ва ичи кетади. Талваса бир кунда бир неча марта тутиб, ҳар сафар 20-30 мин. гача давом этиши мумкин. Одатда, болада хуруждан сўнг ҳеч қандай асорат қолмайди. Айрим ҳолларда нафас ёки юрак фаолиятининг тўхтаб қолиши натижасида ўлим рўй бериши мумкин.
Болада тиришиш пайдо бўлиши билан шифокор чақириш лозим. Боланинг нафас олиши қийинлашса, врач келгунча унга тоза ҳаво ёки кислород ёстиғидан кислород бериш керак.
Хуруж пайтида бола баъзан тилини ташлаб олади ёки тили нафас йўлини тўсиб қўяди, шунинг учун бинт билан тилни тортиб турган маъқул.
Спазмофилиянинг олдини олишда болани тўғри парвариш қилиш, врач тавсия этган парҳез таомлар билан овқатлантириш, тоза ҳавода олиб юриш катта аҳамиятга эга.
[addtoany]