Сперма

Сперма [юн. sperma – уруғ, пушт], шаҳват – Одамда жинсий алоқада эркаклардан, шунингдек, эркак ҳайвонлардан ажратадиган суюқлик; эркаклик жинсий безлари ишлаб чиқаради.

Қуюқ, оч кулранг, ёпишқоқ, ҳидли. Сперма сперматозоид ва уруғ суюқлиғидан иборат. Сперма таркибида оқсиллар, ёғлар, карбонсувлар, кальций, калий, натрий тузлари ва бошқа(лар) органик, анорганик моддалар бўлади. Сперма балоғатга етиш даврида пайдо бўлиб, вояга етганда кўпаяди ва ёш улғайган сари камая боради. Ҳар бир жинсий алоқада ажралган С. миқдори ҳар хил турларда турлича: Одамда 2-6 мл, буқада ўртача 4-5 мл, отда 60-100 мл, чўчқада 250 мл гала, қўчқорда

1- 1,5 мл. Сперма даги сперматозоид миқдори ҳайвонларнинг яшаш шароитига қараб ҳам ҳар хил (қўчқорда 30 % га, буқада 14 % га яқин, от ва чўчқада 7-8 %) бўлади. Сперманинг уруғлантириш таъсири сперматозоиднинг миқдори ва сифатига боғлик. Организмнинг баъзи патологик ҳолатларида С. да сперматозоид бўлмаслиги (азооспермия), миқдорининг камайиши (олгоспермия), ҳаракатсиз (некроспермия) ёки ғайритабиий ҳолатда (тератоспермия) бўлиши мумкин. Сперма бепуштлик сабабини аниқлашда суд тиббий экспертизасида текширилади. Сперма сифатини баҳолаш, уни суюлтириш, сақлаш, ташиш ва олиш усуллари қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини сунъий қочиришда муҳим аҳамиятга эга.

[addtoany]