Спорт тиббиёти

Спорт тиббиёти – тиббиётнинг жисмоний машқлар ва спортнинг одам организми, унинг айрим тизимлари ва аъзоларига таъсирини ўрганадиган соҳаси. Асосий вазифаси жисмоний машқларнинг организмга саломаликни мустаҳкамлайдиган, меҳнат қобилиятини оширадиган ва умрни узайтирадиган омил сифатидаги таъсирини ўрганиш ҳамда жисмоний машқлар ва спорт машғулотларининг рационал усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Спорт тиббиёти тиббиётнинг мустақил соҳаси сифатида ривожланади. У ўзининг ўрганиш усулига (хусусан, организм ва унинг айрим тизимлари ҳамда аъзоларнинг функционал имкониятларини аниқлаш соҳасида), илмий муассасалари ва физкультура ҳамда спорт соҳасидаги мутахассис врачларга эга. Спорт тиббиёти кўпгина клиник ва назарий тиббиёт фанлари билан бевосита боғлик. Спорт тиббиёти, асосан, мушак, суяк ва бошқа(лар) тизимларда, шунингдек, айрим аъзоларда жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланиш натижасида пайдо бўладиган морфологик ўзгаришларни ўрганадиган функционал динамик анатомия, турли аъзо ва тизимлар фаолиятида хар хил спорт юклама (нагрузка)лари чоғида пайдо бўладиган ўзгаришларни ўрганадиган физкультура ва спорт физиологияси; спортчининг саломатлгига ва меҳнат қобилиятига таъсир қиладиган мураккаб биокимёвий жараёнларга алоқадор маълумотларни қайд қиладиган ва умумлаштрадиган спорт биокимёси; турли характердаги гигиеник омиллар (кийим-бош, пойабзал гигиенаси, машқлар ўтказиладиган жой, спорт ишоотлари курилишлари, санитария меъёрлари ва бошқа(лар))ни ўрганадиган физкультура ва спорт гигиенаси: физкультура ва спорт машғулотлари билан боғлик шикастланишларнинг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқадиган спорт травматологияси; турли дори воситаларининг организмга таъсирини ўрганадиган спорт фамакологияси ва бошқалар билан шуғулланади. Спорт тиббиёти спорт машқлари билан норационал шуғулланиш натижасида пайдо бўлиши мумкин бўлган патологик ўзгаришларни ўрганади ва уларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқади.

[addtoany]