Сурдопедагогика

Сурдопедагогика [лот. surdus – кар ва педагогика] – дефектология тармоғи; кар ёки заиф эшитувчи болаларни махсус ўқитиш ва тарбиялаш масалаларини ишлаб чиқади. Сурдопедагогикага кар ёки заиф эшитувчи болаларни ўқитиш назарияси тарихи, кар ва заиф эшитувчи болаларнинг психологик ривожланиш, ўқув фанларини ўқитиш, талаффузни ўргатиш ва «лаб билан ўқиш», меҳнатга ўргатиш, тарбиявий ишлар услублари киради. Сурдопедагогика кар ёки заиф эшитувчи болаларнинг ривожланиш хусусиятларини ўрганиб, махсус ўқув-тарбия жараёни тузилишининг асосларини, махсус ўқув-тарбия муассасаларини ташкил этиш тартиб-коидаларини ишлаб чиқади. Фан асосларини ўрганиш билан заиф эшитувчи болаларда оғзаки нутқ шакллниб боради. Заиф эшитувчиларга оғзаки нутқий ўргатиш учун сўзлар талаффуз қилинганда нутқ аъзоларининг ҳаракати кўрсатилади. Шу ҳаракатларга қараб заиф эшитувчилар товуш ва сўзларни ажратиб олишга, яъни «лабга қараб ўқишга» ўрганади. Нутқ ҳаракатларини такрорлашга ўрганган заиф эшитувчилар гапириш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, карлар махсус ўқув алифбоси – дактилология (нутқ шакли; ўзига хос тарзда қўл бармоқлари ёрдамида гаплашиш)дан фойдаланиб гапиришлари ҳам мумкин. Махсус таълим шароитида ўқувчиларда и. ч. фаолиятининг малака ва кўникмалари ҳосил қилинади ва нормал ҳаётга тайёрланади. Сурдопедагогика отоларингология, акустика, логопедия, умумий пед., тилшунослик, психология, физиология билан узвий боғлиқ. Сурдопедагогика бўйича илмий текшириш лар Ўзбекистонда Тошкент пед. Университетининг дефектология ф-тида олиб борилади.

Загрузка...