Шартсиз рефлекслар

Шартсиз рефлекслар, тур рефлекслари – организмнинг ички ва ташқи кўзғатувчилар таъсирига нисбатан ўзгармас, генотип билан боғлик бўлган, яъни ирсийландиган реакцияси. «Ш. р.» терминини И. П. Павлов муайян қўзғатувчиларнинг рецептоларга таъсири натижасида юзага келадиган рефлекслар (оғизга овқат тушганида сўлак ажралиши, бармоққа ўткир нарса санчилганида тортиб олиниши ва бошқа(лар))ни ифодалаш учун фанга киритган (1903). Шартсиз рефлекслар, асосан, марказий нерв тизимининг қуйи бўлимлари (ганглийлар, орқа мия, бош мия дастаси ва бошқа(лар)) билан боғлиқ. Шартсиз рефлексларда қўзғалишнинг рецепторлардан эффекторга ўтадиган йўли рефлектор ёйи дейилади. Шартсиз рефлекслар тунинг барча индивидлари учун умумий бўлиб, организм хатти-ҳаракатини доимий (ўзгармас) муҳит шароитига мосланишини таъминлайди.

Шартсиз рефлекслар онтогенез (организмнинг индивидуал ривожланиши, унинг шакллана бошлашидан ҳаётнинг охиригача содир бўладиган кетма-кет ўзгаришлар мажмуи) ва филогенез [тирик организмлар ҳамда улар таксономик гуруҳлари: олам, тип (бўлим), синф, туркум (тартиб), оила, авлод (туркум, уруғ) ва турларнинг тарихий тараққиётида ўзгариб боради. Чақалоқларда ҳаёт давомида йўқолиб борадиган эмиш рефлекс соф ҳолдаги шартсиз рефлексларга мисол бўла олади. Одам вояга етган сари янги (масалан, жинсий) рефлекслар пайдо бўла боради. Вояга етган одам ва ҳайвонларда шартсиз рефлекслар соф ҳолда учрамайди; шартсиз рефлекслар шартли рефлекслар билан қўшилиб кетади. Шартсиз ва шартли рефлекслар ўртасидаги фарқ нисбий бўлганидан уларни тасниф қилиш анча қийин. Таъсирловчи таъсири хусусиятига ва жавоб реакциясининг биологик моҳиятига биноан Ш. р. ни ҳимоя, озиқланиш, жинсий, мўлжал олиш ва бошқа(лар) хилларга ажратилади. Мураккаб бир хил хатти-ҳаракатлардан иборат туғма рефлекслар инстинкт дейилади. Баъзан инстинкт мазмунан Ш. р. га тенглаштирилади.

[addtoany]