Танглай – бурун ва оғиз бўшлиғини бир-бридан ажратиб турадиган анатомик тузилма. Қаттиқ ва юмшоқ танглай бўлади. Қаттиқ танглай юқори жағ суягининг танглай ўсиғи билан танглай сулги кўндаланг пластинкаларининг бирикувидан вужудга келади. Юмшоқ Т. шиллиқ парда билан қопланган мушаклардан иборат. Юмшоқ Т. нинг орқа учида ўсиқча – тилча бор. Юмшоқ Т. ён томонларида равоклар ҳосил қилиб, тил ва ҳалқум билан бирлашади. Равоклар орасида ҳар икки томонда (учбурчак шаклида) муртак бўшлиғи бўлиб, унда танглай муртаги жойлашган. Қаттиқ ва юмшоқ Т. шиллиқ қавати остида майда сўлак безлари, шиллиқ каватида эса қон томирлари ва нервлар бор.
Танглай касалликлари туғма ва орттирилган бўлади. Юмшоқ ёки юмшоқ-каттик Т. нинг туғма нуқсони кўп учрайди. Бу эмбрионал ривожланиш даври (ҳомила)да танглай ўсиқларининг ўзаро ёки юмшоқ танглайнинг мушакли тузилмаси билан жипслашмай қолишидан юзага келади. Буни «бўри танглай» дейилади. Танглайнинг орттирилган касалликларига унинг шикастланиши ёки касалликдан зарарланиши, яллиғланиши (масалан, стоматит), хавфли ва хавфсиз ўсмалар ва бошқа(лар) киради.
[addtoany]