Танатология

Танатология [юн. tanatos – ўлим ва ..лгия] – ўлим, унинг сабаблари, механизми ва белгиларини, шунингдек, ўлим олди азобларни енгиллаштириш масалаларини ўрганадиган фан. Умумий ва хусусий танатология ажратилади. Умумий танатология ўлим сабабларидан қатьи назар, унинг умумий қонуниятларини, ўлимни аниқлаш, уни ҳар хил сабабларидаги терминал ҳолатларнинг хусусиятларини, шунингдек, ўлим содир бўлгандан сўнг мурдада юзага келадиган ўзгаришларни, мурдаларни текшириш усулларини, уларни сунъий консервация қилиш билан боғлик масалаларни ўрганади. Хусусий танатологияда комплекс маълумотларнинг изчил таҳлили (касаллик тарихи, касалликнинг клиник ва морфологик кўриниши ва бошқа(лар)) қўлланиб, шулар асосида клник-анатомик эпикриз тузилади. Суд тиббиёти танатологияси қасддан содир этилган ва тўсатдан юз берган ўлимда мурдадаги клиник, биокимёвий ва морфологик ўзгаришлар моҳиятини, мурдаларни суд тиббиётига оид текшириш муаммоларини ва суд-тергов билан боғлиқ турли масалаларни ўрганади. Соғликни сақлаш тизимида касалликларнинг олдини олиш, ташхис хатликларини аниқлаш, жароҳатланишнинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқишда соғликни сақлаш муассасаларига ёрдам беради. Реаниматология ривожланиши билан ҳаётий фаолиятларини сусайиш қонуниятлари ва уларнинг терминал даврда тикпанишини ўрганадиган экспериментал танатология ҳам вужудга келди.

[addtoany]