Тест

Тест [инг. test – синаш, текшириш] (психологияда) – шахснинг ақлий тараққиёти, қобилияти, иродавий сифатлари, шунингдек, унинг бошқа руҳий хусусиятларини текширишда қўлланиладиган қисқа стандарт машқлар. Ижтимоий амалиётда тест одамнинг қандай касб-ҳунар эгаллаши мумкинлиги, унинг касбга лаёқати ёки лаёкатсизлигини, истеъдодли ёки ақли заифлигини аниқлашда, муайян ҳамкорликдаги фаолиятга шахсларни саралашда кенг қўлланилади. Унинг ёрдамида тажрибанинг илмийлик даражаси, кафолатлиги, текшрилувчиларнинг маҳорати, қизиқиши, тўпланган амалий маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ишончлилик кўрсаткичи бир неча мезонларга асосланиб таҳлил қилинади. Тестнинг назарий асосларини инглиз психологи Франсис Галтон (1822-1911) ишлаб чиққан (1883). «Т.» атамасини биринчи марта америка психологи Жеймс Кэттелл (1860-1944) қўлланган (1890). У тестлар ёрдамида танага таъсир этувчи қўзғтувчиларнинг идрок қилиниши вақтини, рефлекс тезлигини, реакция муддатларини, терига таъсир ўтказишда ҳосил бўлувчи оғриқ сезгиларида ҳарфлар қаторини эсда олиб қолиш даражаларини аниқлаш мумкин, деб ҳисоблади. Француз психологи А. Бине ва унинг шогирди Т. Симон инсоннинг ақлий ўсиши ва истеъдди даражаларини ўлчаш имконияти борлиги ғоясини олға сурганидан кейин ақлий тестлар назарияси кенг ёйилди. Миқдорий маълумотларни статистика услублари ёрдамида ҳисоблаб чиқиш юзага келди. Америкалик Льюис Термен (1877-1955) инсонларнинг ақлий қобилиятларини узлуксиз 50 й. давомида ўрганган.

Ҳоз. даврда тестлар қуйидаги турларга ажратилади: мақсадга эришув тестлари (билимларни ўлчашга қаратилган); ақлий тестлар (зеҳн, ақл-идроқ, ақл-заковат, истеъдодни аниқлашга йўналтирилган); ижодиёт Т. лари (ижодкорлик, бунёд этишлик даражаларини текширувчи); мезоний мўлжал Т. лари (ўқув ёки касбий билимлар ва топшириқларни қайси кўникма, малака, хатти-ҳаракат тизими орқали ўлчаш мумкинлиги); шахсга оид Т. лар (хусусият, безовталаниш, сифат, фазилат, хислатларни ўлчашга алоқадор); проекциявий Т. лар (ташқи таъсирсиз шахс ўзини ўзи ошкор қилишига мўлжалланган) ва бошқа(лар)

[addtoany]