Тез тиббий ёрдам

Тез тиббий ёрдам – инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавфли ҳолатлар рўй берганда кечаси-ю кундузи кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури ва тизими. Илк бор тез тиббий ёрдам 1918 й. Тошкент ш. да пункт сифатида ташкил этилиб, 1926 й. мустақил тез тиббий ёрдам станциясига, 1974 й. Тез тиббий ёрдам клиник касалхонаси билан бирлаштирилиб, бўлимга айлантирилди. 1983 й. касалхонадан ажратилиб, мустақил шаҳар тез ва шошилинч тиббий ёрдам станцияси деб аталди. Тез тиббий ёрдамнинг вазифаси ҳодиса юз берган жойда, уйда, беморни касалхонага олиб кета туриб шошилинч, шу жумладан, мутахассис врач томонидан ёрдам кўрсатиш, лозим бўлса, беморларни касалхонага етказишни таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, Т. т. ё. хизмати кўзи ёрийдган аёлларни ёки уйида кўзи ёриганларни врач талабига кўра даволаш муассасаларига олиб боради. Тез тиббий ёрдам ходимларини чақириш учун ягона телефон индекси (ОЗ) жорий этилган. Тез тиббий ёрдам станциялари ходимлари меҳнатга қобилятсизлик варақалари, суд-тиббий эксперти хулосалари, шунингдек, беморларга ё уларнинг қариндошларига ёзма маълумотнома бериш ҳуқуқига эга эмас. Қишлоқ жойларида куннинг истаган пайтида Т. т. ё. кўрсатиш врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари зиммасига юкланган. Олис ва бориш қийин бўлган жойларга санитария авиацияси воситалари билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади. Тез тиббий ёрдам машиналари радиолаштирилган бўлиб, икки томонлама телефон алоқаси билан таъминланган, нафас ва наркоз бериш аппаратлари, кислород ингапяторлар, электрокардиограф ва бошқа(лар) зарурий асбоблар билан жиҳозланган. Йирик шаҳарлар, жумладан, Тошкентда ҳам ихтисослаштирилган махсус реанимацион, кардиологик, неврологик, токсикология педиатрия, жадал даволаш бригадалари ва бошқа(лар) ташкил этилган. Бу уйда ва йўлда кета туриб ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга имкон беради.

[addtoany]