Тиришиш

Тиришиш – мушакларнинг тўсатдан ғайриихтиёрий равишда қисқариши. Тиришиш нерв тизими касалликларида (тутқаноқ, қоқшол, неврозлар), заҳарланиш, моддалар алмашинуви ва ички секреция безлари иши бузилганда рўй беради. Келиб чиқиш сабабига кўра, тиришиш эпизодик, тасодифий бўлиши ёки ҳафта, ой, йил давомида маълум вақтда бир неча марта такрорланиб туриши мумкин. Баъзи беморларда тиришиш ташқи таъсиротлар (тўсатдан келган қаттиқ товуш, баданга нина санчилиши) натижасида, чуқур нафас олганда, дим хонада, ичкиликни суиистеъмол қилганда тутиб қолади ёки зўраяди. Тиришиш битта мушакда ёки бир гуруҳ мушакларда содир бўлиши мумкин.

Кучли Т. (тоник Т.) қисқа вақт давом этиши мумкин, бунда, кўпинча, қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Бундай Т. аксари узоқ юрилганда болдир мушагида, шунингдек, соппа-соғ Одамда чўмилиш пайтида рўй беради. Қуруқ жойда юрган пайтда пайдо бўлган Т. ни оёқ кафтини бир қўл билан ёзиб ва, айни вақтда, болдир сугини иккинчи қўл билан уқалаб йўқотиш мумкин. Ётганда ёки ўтирганда томир тортишиб қолганда тезда ўрнидан туриб, оғриқ оёқнинг кафти билан қаттиқ тираниш керак. Чўмилаётган пайтда сувда оёқ томири тортишиб қолганда оёқни ҳаракатлантирмай, оёқ панжасини соғ оёқ билан ёзиш керак. Тиришишга мойил одамлар сувда узоқ сузмаганлари маъқул. Тиришиш клоник бўлиши, бунда мушаклар гоҳ тез-тез қисқариб, гоҳ қисқа муддатга бўшашиши мумкин.

Умумий Т. да, масалан, тутқаноқ хуружида одам ҳушидан кетиши ва йиқилиб тушиши мумкин. Бундай ҳолларда шифокор чақириш зарур. Тиришиш, одатда, касаллик аломати бўлиши мумкин, шу боисдан унинг сабабини аниқлаш ва даволаш учун шифокорга мурожаат қилиш шарт.

[addtoany]