Топографик анатомия – аъзоларнинг ўзаро жойлашуви ва уларнинг қон томири ҳамда нервларга нисбатан муносабатини ўрганадиган фан. Амалий аҳамиятга (хирургияда) эга. Топографик анатомия танани айрим соҳаларга ажратиб ўрганади. Топографик анатомияда нормал анатомия усулларидан ташқари, мурдани каватма-қават кесиб очиш, музлатилган танани арралаш, рангли бўёқлар юбориб томирларни тўлдириш, рентгенографик, рентгеноскопик ва ҳ. к. усуллар ҳам қўлланади.
Топографик анатомиянинг аҳамияти фақат оператив хирургия фани доираси билан чегараланиб қолмайди. Тиббиётнинг ҳар қандай соҳасига, хирургия каби, топографик-анатомик маълумотлар ҳам зарур. Масалан, ички касалликлар шифокори (терапевт) аъзоларнинг патологик ҳолати тўғрисида фикр юритиш учун уларнинг акс-тасвири (чегаралари)ни, физиологик силжиш ҳудудларини, аъзолар шакли ва тутган ўрнининг турли ёш ва жинслардаги, ҳар хил қоматли кишиларда қандай бўлиши мумкинлигини билиши, асаб шифокори эса бирор патологик жараённинг
(ўсма, қон қўйилиши) ўрнини аниқлаш учун бош ва орқа мия ҳамда уларнинг ўтказувчи йўллари топографиясини билиши зарур ва ҳ. к.
Топографик анатомияни дастлаб, 18-а. да рус анатоми П. А. Загорский (1789-1846), сўнг хирург И. В. Бяльский (1789- 1866) ўрганди. 19-а. да Н. И. Пироговнинг тадқиқотлари топографик анатомияни фан сифатида шакллантирди. Ўзбекистонда топографик анатомия соҳасидаги дастлабки илмий текшириш 20-й. ларда бошланди; 1920 й. да Туркистон ун-ти тиббиёт ф-ти қошида ташкил этилган биринчи кафедрада проф. В. Ф. Войно-Ясенецкий бошчилигида йирингли жарроҳлик, кейинчалик Б. А. Стекольников рабарлигида коллатерал қон айланиши ва ички аъзолар иннервацияси тажрибада ўрганилди. 60-й. ларда проф. Ф. Ф. Амиров бошчилигида кекирдак ва бронхларни пластик операция қилишга оид тадқиқотлар олиб борилди ва у клиник амалиётга татбиқ қилинди. Меъданинг сурункали яллиғланиш модели ишлаб чиқилди, биринчи бўлиб гастроскопия қўлланилди, яллиғланиш касалликларида марказий ва периферик нерв тизимларининг ўзгариши чуқур ўрганилди (С. А. Долимов). 70-й. лардан Тошкент тиббиёт ин-тида пульмонология, юрак – томир патологияси, жарроҳлик тикиш материалларининг янги турлари ўрганилди ва татбиқ этилди (Н. Ҳ. Шомирзаев), Самарқанд тиббиёт ин-тда диафрагманинг топографик анатомияси ва жарроҳлик (В. Я. Бараков), Андижон тиббиёт ин-тида ички аъзоларнинг ёшга боғлик топографияси (И. Қ. Қосимхўжаев), Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тида новокинли блокадаларнинг турли хил усуллари (А. Ғ. Мирзамуҳамедов), Тошкент тиббиёт педиатрия ин-тида ёшга қараб таянч-ҳаракат аппаратининг ўзгариши ўрганилди (Ш. М. Аҳмедов).
[addtoany]