Трансформация [лот. transformatio – қайта ўзгариш, қайта ҳосил бўлиш (генетикада)] – ҳужайрага ёт ДНК кириши натижасида унинг ирсий хусусиятлари ўзгариши; прокриотларда генетик материал алмашиниш усулларидан бири. Биринчи марта инглиз олими Ф. Гриффит (1928) пневмококкларда кашф этган. Ф. Гриффит патоген пневмококкларни қиздириб ўлдирганда улар сичконларни зараламаслигини, лекин бактерияларни патогенлик хусусиятига эга бўлмаган тирик бактериялар билан бирга сичконларга юборилганда нопатген бактериялар патогенлик хусусиятига эга бўлишини аниқлаган. АҚШ олими О. Эйвери ва унинг ходимлари (1944) нопатоген бактериялар патоген бўлиб қолиши (трансформациланиши)нинг сабаби патоген бактерия штамидан ажралган ДНК билан боғлик эканлигини аниқлади. Трансформация кейинчалик ҳар хил туркум ва турларга мансуб бактериялар – стрептококк, гемофилл бактериялар, пичан таёқчаси ва бошқа(лар)да аниқланган. Трансформация ҳодисаси компетентлик хусусиятига эга бўлган айрим ҳужайралар билан боғлиқ (ҳужайранинг ёт ДНКни боғлаш хусусияти махсус оқсил молекуласи синтезланиши билан тушунтирилади). Трансформациялайдиган ДНК нинг мол. массаси 300000 дан кам бўлмаслиги, 2 спиралли ва кимёвий тоза бўлиши лозим. Ҳужайрага донор ДНКсининг бир бўлаги ўтиб, ҳужайра хромосомаси билан рекомбинацияланди ва унинг хоссасини ўзгартиради.
Трансформациядан бактерияларни генетик таҳлил қилишда ва генетик инженерия соҳасидаги тажрибаларда фойдаланилади. Трансформация жараёнининг кашф этилиши ва ўрганилиши натижасида
ДНК ирсиятнинг моддий асоси эканлиги аниқланди. Трансформациядан эукариот ҳужайраларга ёт ДНК ни киритишда ҳам фойдаланилади.
[addtoany]