Трансляция

Трансляция (биологияда) – генетик кодга биноан, информацион РНК асосида оқсил полипептид занжирлари синтези; тирик ҳужайраларда ирсий ахборот амалга оширилишининг 2-босқичи. Трансляция жараёнида иРНК молекуласида нуклеотидлар кетма-кетлиги тарзида ёзилган оқсил молекуласи тўғрисидаги ахборот нуклеотидлар кодидан синтезланадиган оқсил молекуласидаги аминокислоталарнинг муайян кетма-кетлиги ҳолатига ўтказилади. Бошқача қилиб айтганда, иРНКдаги ахборот нуклеотидлар тилидан аминокислоталар тилига ўтказилади. Трансляцияда иРНКдан ташқари рибосомалар, транспорт РНК (тРНК), омилларнинг аминоцил – тРНК-синтетаза, инициация (бошловчи), элонгация (полипептидни давом эттирувчи), терминация (тамомловчи) ва бошқа(лар) омиллардан иборат мураккаб макромолекуляр комплекс иштирок этади. Аминокислоталарни РНК рбосомаларга олиб боради. Трансляциянинг инициация босқичида рибосоманинг кичик суббирлиги, тРНК ва инициация омили иРНКдаги кодоинициаторни таниб олади. Шундан сўнг рибосоманинг катта суббирлиги қўшилиб, оқсил синтези бошланади. Бу синтез 3 босқич: тРНК нинг қўшилиши, пептид боғ ҳосил бўлиши ва рибосомаларнинг 3 нуклеотидга силжиши – транслокация орқали боради; шундан сўнг барча цикл яна такрорланади. Кодон-терминторларни таниб олишда терминациянинг оқсил омиллари полипептид занжирининг рибосомдан ажралишини катализлайди. Оқсил синтзида иРНК полирибосома таркибига киради. Ҳар бир полирибосомада бир вақтнинг ўзида 100 тагача рибосомалар синтезни олиб боради. Прокариотларда полирибосомалар транскрипция даврида иРНКда (ДНКдан ажралмасдан олдин) ҳосил бўлади. Эукариотларда оқсил синтези цитоплазмада боради.

Загрузка...