Туғруққа ёрдам бериш

Туғруққа ёрдам бериш – ҳомиладорлик, туғруқ ва чилла даврида аёллар соғлигини муҳофаза этишга қаратилган профилактика ва даво тадбирлари тизими. Туғруққа ёрдам бериш оналар ва болалар муҳофазасининг муҳим бўлимидир. Ўзбекистонда туғруққа ёрдам бериш тизими туғруқхоналар, аёллар консультацияси, қишлоқ врачлик пунктлари, касалхоналарнинг акушерлик-гинеклогия бўлимларида амалга оширилади. Бу ерда аёлларга ўз вақтида юқори малакали ихтисослашган акушер-гинеколог ёрдам кўрсатади. Туғруққа ёрдам бериш ташкилий ва илмий-методик асосларининг бирлиги, туғруққа ёрдам бериш муассасалари ишлаб чиққан профилактика, даво, диагностиканинг энг янги усулларини тиббиёт амалиётига татбиқ этиш, тиббиёт кадрлари малакасини мунтазам ошириб бориш, аҳолига акушер-гинекологик ёрдам кўрсатишнинг тобора яхшиланиб боришига имкон беради. Ўзбекистонда Т. ё. б. ишини яхшилаш мақсадида туғруқхоналар аёллар маслаҳатхонаси билан бирлаштирилган, улар врачлик участкаси бўйича иш олиб боради; бу эса гинекологик касалликлар ва ҳомиладорлик асоратларини барвақт аниқлаш, ҳомиладор аёлларни мунтазам кузатиб бориш ва зарурият бўлса, даволаш, кўзи ёрийдиган аёлларни ўз вақтида туғруқхонага ётқизиш, ҳомиладорлик, чилла даври ва бола парвариши гигиенасига оид санитария маорифи ишларини олиб бориш имкониятини беради. Туғруққа ёрдам бериш муассасаси аёлларга оналик ҳуқуқларининг ҳимояси юзасидан ижтимоий-ҳукукий ёрдам кўрсатади, шунингдек, ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволашга тегишли тиббий-генетика текширувларини олиб боради.

[addtoany]