Урология [уро… ва ..логия] – клиник тиббиёт соҳаси; сийдик аъзолари тизими, жинсий аъзолар касалликларини, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади, шунингдек, бу касалликлар диагностикаси, Давоси ҳамда олдини олиш усулларини ишлаб чиқади.
Урология 20-а. да хирургияцан мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. Урологик касалликлар қадимдан маълум. Абу Али Ибн Сино ковукдаги тошларни тушириш сир-асрорларини билган. Лекин илмий урология 19-а. да шаклланди. 1869 й. да Г. Симон (Англия) биринчи марта сийдик наини катетерлаш, касалланган буйракни операция йўли билан олиб ташлашга муваффақ бўлди. Франциялик Ф. Ж. Гюйон, Л. Мерсье, Ж. Албарран; англиялик Г. Томпсон, П. Фрейер; австриялик Л. Диттель урологиянинг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Урологиянинг ривожи, асосан, цитоскопия ва рентген нурлари орқали текшириш усулларининг кашф этилиши билан боғлик. 20-а. да диагностика ва даволашнинг янги усуллари – хромоцистоскопия (Ф. Фелькер ва Э. Иозеф, Германия, 1903), ретроград пиелография (А. Лихтенберг ва Ф. Фелькер, Германия, 1906), экскретор урография (М. Свик, А. Лихтенберг, Германия. 1929) ва бошқа(лар) ишлаб чиқилди. Буйрак етишмовчилигида голландиялик олим В. Колф клиникада биринчи марта сунъий буйрак ишлатди (1944).
Ўзбекистонда урологиянинг ривожи 1924 й. да Ўрта Осиё ун-тининг тиббиёт ф-тида урология кафедраси ҳамда 25 ўринли урология клиникаси ташкил этилиши билан боғлиқ. 60-70-й. ларда радиологик, ангиография уродинамик, компьютер томографик текширувларнинг амалиётга кириб келиши билан урологияда жарроҳлик усуллари такомиллашди; ТУР, перкутан операциялар, буйрак тошларини масофадан парчалаш йўлга қўйилди. Ҳоз. кунда лапароскопик операциялар (қ. Лапароскопия) кенг қўлланмоқда.
Бунда О. М. Мухторов, И. П. Погорелко, Т. Н. Позднякова, Д. Л. Арустамов ва бошқа(лар)нинг ҳиссаси катта бўлди.
Тошкентдаги урология клиникаси асосида 1990 й. Республика урология илмий маркази ташкил этилди, 2002 й. да у Республика ихтисослашган урология марказига айлантирилди. 1932 й. дан Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида урология кафедраси ва клиникаси фаолият кўрсатмоқда. 1997 й. клиника қошида Тошкент ш. урология маркази ташкил этилди, унда УзР вилоят ҳамда туман шифохоналарида урология бўлимларини очиш, уларни малакали кадрлар ва мутахассислар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.
Республика клиникаларида урологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашда ултратовушли скенирлаш, уларнинг эндоскопик ва рентгенологик аппаратлар, ташқи тўлқин ёрдамида буйрак ва сийдик йўли тошларини майдалаш даргоҳлари билан жиҳозланиши урология соҳасининг жаҳон талаблари даражасига кўтарилишига имкон берди. Йирик касалхоналар таркибида нефрология бўлимлари ва маркаларининг ташкил этилиши туфайли ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги билан боғлиқ тадқиқотлар ривожланди. Ўткир буйрак етимовчилигида «сунъий буйрак» аппарати ёрдамида қонни тозалаш (гемодиализ) усули ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда Республикамизда шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамда вилоят марказий шифохоналари қошида урология бўлимларининг очилиши Ўзбекистонда урологиянинг ривожланишида муҳим босқич бўлди.
[addtoany]